14 октябрь куни ҳукумат [594-сонли] қарори билан «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Ҳужжат матни қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди.

Ўзбекистонда истеъдодли ижодкорлар «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти билан тақдирланади. Мукофот маданият ва санъатни юксалтириш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишда салмоқли, серқирра ижоди билан катта ҳисса қўшганларга берилади.

Мукофот билан тақдирлаш ҳар йили анъанавий тарзда бир марта ижодкорлар ўртасида қуйидаги муддатларда ўтказилади:

  • Миллий мукофот номинациялари (жами 20 та номинация) ҳар йили 10 январдан 10 февралгача танлаб олинади;
  • танлаб олинган номинациялар ҳар йили 1 мартгача эълон қилинади;
  • мукофотлаш учун номзодлар ҳар йили 1 ноябргача Маданият вазирлиги (ишчи орган)га тақдим этилади;
  • ишчи орган ҳар йили 1−10 ноябрь кунлари номзодларга оид ҳужжатларни кўриб чиқади;
  • комиссия ҳар йили 10−15 ноябрь кунлари ҳужжатларни кўриб чиқиб, энг яхши 3 нафар номзодларни (ҳар бир номинация бўйича) саралайди;
  • энг яхши 3 нафар номзодлар рўйхати ҳар йили 15 декабрдан келгуси йилнинг 10 январь кунига қадар ижтимоий тармоқларга кенг жамоатчилик овоз бериши учун жойлаштирилади;
  • жорий йил ғолибларининг тақдирланиши келгуси йил 25 январь куни ташкил этилади.

Мукофотга сазовор бўлган ижодкорлар БҲМнинг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади ҳамда махсус статуэтка ва сертификат топширилади.