Тошкентда соат 23:00 гача ҳавонинг чанг майда зарралари билан ифлосланиши кучаяди

Ўзгидромет душанба куни соат 18:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳрида атмосфера майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайишини маълум қилди. Пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан имкон борича уйдан чиқмаслик ва кўчада тиббий ниқоб тақиб юриш сўралмоқда.

Ўзгидромет ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича тавсиялар берди

Кўчаларда тирбандлик, катта қурилишлар, дарахтларни кесиш, магистрал йўллар ва майсазорларга кенг кўламда сув сепилмаслиги, шаҳардаги атмосфера бўшлиғининг паст шамоллатилиши ҳавонинг юқори даражада ифлосланишига олиб келади. Ўзгидромет вазиятни яхшилаш бўйича тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев 20−21 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлади

Икки мамлакат раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари ўтказилади. Шунингдек, президент ҳафта давомида маҳалла инфратузилмаси, маъмурий ислоҳотлар ва қишлоқ хўжалиги борасида муҳокамалар ўтказади.

Андижон вилоятидаги 52 та кўчада тезликни 60 км/соатгача пасайтириш режалаштирилмоқда

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши пойтахт кенгашидан сўнг вилоятдаги транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтиришни маъқуллади. Бу тезликни меъёридан ошириш оқибатида авариялар кўп содир этилаётган 52 та кўчада амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Тошкентда «Тез ёрдам» хизмати ходимлари яна калтакланди

Миробод туманида эркак чақирувга келган «Тез ёрдам» ходими ва ҳайдовчисини калтаклагани айтилмоқда. У ўша пайтда ноадекват ҳолатда ён-атрофдагиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган. Миробод туман ИИБ ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

«Тез ёрдам»да ёлғон чақириқлар сони 2 баробар камайди — ССВ

2022 йилнинг 9 ойида «103» хизматига жами 4 минг 452 та ёлғон чақириқ келиб тушди. ССВнинг маълум қилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан икки баробар кам.

Вазирлар ва қўмита раҳбарлари ўринбосарлари туманларга ҳоким этиб тайинланди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов Нурободга, фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Пахтаободга ва монополияга қарши курашиш қўмитасида раиси ўринбосари Бекзод Умматов Асака туманига ҳоким этиб тайинланди.

Фарғона ва Сардоба туманларига янги ҳокимлар тайинланди

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев Сардоба туманига, Ҳамидулло Иномов эса Фарғона туманига ҳоким бўлди. Қолаверса, Қашқадарё ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди. Ҳокимнинг яна бир ўринбосари ва Чироқчи ҳокимига эса «ҳайфсан» берилди.

Қаршидаги манзил колониясидан маҳкум рухсатсиз чиқиб кетди

У 2015 йилда 14 ёшга кирмаган шахсни зўрлагани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди. 2020 йилда эса ёпиқ турдаги қамоқхонадан манзил колониясига ўтказилган. У қўлга олинди ва ҳозирда ёпиқ турдаги колонияга қайтариш масаласи кўрилмоқда.

«Тошкент вилоятининг олтин ҳалқаси» ташкил этилади

Зангиота, Чиноз, Оҳангарон, Ангрен, Паркент ва Бўстонлиқ туманларини боғлайдиган «Тошкент вилоятининг олтин ҳалқаси» ташкил этилмоқда. Бу бўйича бош режа тузилиб, инфратузилма давлат томонидан ривожлантирилади.

Давлат ташкилотларидаги қоровуллик бўлинмалари ходимларининг вазифалари белгиланди

Ҳукумат қарори билан давлат органлари ва ташкилотларининг қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар кузатилса, ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига хабар беради. Улар келгунча, ҳодиса излари сақланишини таъминлайди. Улар хабар берган жиноят бартараф этилса, 1 марталик пул мукофоти олиши мумкин.

Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилди

Ҳукумат қарори билан Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Параолимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилди. Мутахассислар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёрдамида хорижда малака ошириб келади.

USAID таълимни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча $5,35 млн ажратди

USAID томонидан қўшимча ажратилган $5,35 млн грант Халқ таълими вазирлиги билан инглиз ва ўзбек тиллари, математика ва IT фанларни ўқитишни такомиллаштириш, шунингдек, 8−11-синф ўқувчиларига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни қўллаб-қувватлайди.

Ҳафтанинг биринчи қисмида ёғингарчиликлар кузатилади

Ўзбекистон ҳудудида ҳафтанинг биринчи ярмида ёмғирли об-ҳаво кузатилади. Пайшанба ва жума кунлари эса ёғингарчиликсиз ўтади. Ҳарорат кундузи +25 даражагача илиқ, кечаси +8 даража атрофида бўлади.

Туркиянинг ECC Environmental Ltd компанияси Ўзбекистон бозорига кирмоқда

Туркиянинг қурилиш, энергетика ва инфратузилмавий ривожланиш лойиҳаларини амалга оширувчи компанияси Ўзбекистон бозорига киришни режа қилмоқда. Томонлар йил охиригача тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилиш учун учрашишга келишиб олди.

Истеъдодли ижодкорларга «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти берилади

Ҳукумат қарори билан маданият ва санъатни юксалтириш, унинг халқаро нуфузини оширишда катта ҳисса қўшганлар «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти билан тақдирланади. Бунда 20 та номинация бўйича ҳар бир йўналишда энг яхши 3 нафар номзод танлаб олинади ва овозга қўйилади.

Сейсмик фаол зоналарда қуриладиган объектларга илмий хулосалар берилади

Ҳукумат карори билан сейсмик фаол зоналарда қуриладиган объектларга илмий хулосалар берилади. Лойиҳа-смета ҳужжатлари зилзилабардошлик бўйича хулоса ва экспертизадан ўтказиш учун ФАга йўналтирилади. Шундан сўнг, 3 ойгача тажриба-синов натижалари асосида илмий хулоса қабул қилинади.

Уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш соддалаштирилди

1 декабрдан Ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорлари субсидияга талабгорларни танлаб олиш комиссиялари таркибидан чиқариб ташланади. Субсидияга талабгорларни танлаб олишда маълумотлар subsidiya.idm.uz дастурида йиғилади.

Тошкентда Фарҳод кўчасининг бир қисми 5 кунга ёпилади

Тошкент шаҳрида Фарҳод кўчасининг Кичик ҳалқа автомобиль йўлидан Лутфий кўчасигача бўлган қисми 17−21 октябрь кунлари қисман ёпилади. Бу вақтда йўл-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Ислом молияси ҳақида нималарни биламиз?

Ҳозирда ислом молияси сектори йилига 15% дан 25% гача ўсиб бормоқда, бу йўналишдаги институтлар эса жаҳонда $2,7 трлндан ортиқ активларни бошқармоқда. Ислом молиясининг Ўзбекистондаги ўрни қандай? Фоиз бўлмаса, фойда қаердан келади? Ундан кимлар фойдалана олади? Жавоблар — «Газета.uz» материалида.

Эътибор беришларини кутиш бефойда — ҳайқириш керак!

Она тилига эҳтиёж сезмаган ижтимоий шароит тирик тилни ҳам ўлдириши мумкин. Хулоса аниқ: хато қилишдан қўрқмай она тилини фаол нутқий вазиятда чархлаш лозим. Эътибор беришларини кутиш бефойда — ҳайқириш керак!, деб ёзганди Ирисали Тошалиев 1991 йилдаги мақоласида.

Давлат тили тўғрисидаги қонун нега суст бажариляпти?

Давлат тили ҳақидаги қонун сусткашлик билан амалга оширилаётганининг сабаби муттасил назоратнинг йўқлигидир… Хуллас давлат тили ҳақидаги қонунни амалга ошириш аввало раҳбарий ташкилотларнинг ҳаракатига боғлиқдир, деб ёзганди Ғанижон Абдураҳмонов бундан 30 йилларча муқаддам.