Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлар уюшмаси (UTID) раиси Довуд Азми Эрбаш ва ECC Environmental Ltd вакиллари Женк Серан, Метю Мартин билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

UTID раиси турк ишбилармонлари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ва сармоявий, савдо-иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, компаниянинг қурилиш, энергетика ва инфратузилмавий ривожланиш йўналишларида қатор лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдорлиги қайд этилди.

Томонлар лойиҳага тайёрлигини тасдиқлаган ҳолда муҳокама қилинган йўналишлар доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда жорий йил охиригача тегишли вазирлик ва идоралар билан лойиҳаларни яна муҳокама қилиш учун компания Ўзбекистонга келади.

Маълумот учун, компания фуқаролик инфратузилмасини, турар-жой ва аралаш мақсадли лойиҳалар, савдо ва ишлаб чиқариш объектлари, шифохоналар, сув таъминоти тизимлари, санитария, энергетика инфратузилмасини лойиҳалаш ва қурилишини бошқариш каби йўналишларга ихтисослашган.

У 37 йилдан ортиқ фаолият юритиб келмоқда ва шу кунгача беш қитъада 38 мамлакатда жиҳозларни ўрнатиш ишларини якунлади. Компания тузган жорий шартномалар қиймати 22 миллиард доллардан ошади, лойиҳаларнинг захира портфели эса 1,2 миллиард долларни ташкил этади.