Ўзбекистон президентининг 2022 йил 9 сентябрдаги «Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан, гидроэнергетика йўналишига тегишли бандлар ижросини таъминлаш борасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуришга доир бизнес лойиҳаларининг жозибадорлигини ошириш орқали соҳага хусусий инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш борасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги тадбиркорлик субъектлари ва лойиҳани амалга ошириш учун керакли маълумотлар билан яқиндан таништириш борасида жисмоний ва юридик шахслар учун Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида учрашувлар, очиқ мулоқотлар, тарғибот тадбирларининг ўтказилиши таъминланди.

Ўтказилган тарғибот тадбирларида фармон мазмун-моҳияти билан боғлиқ махсус видеоролик, слайд ва тарқатма материаллар орқали тадбиркор ва талабгорларга зарурий ахборотлар берилди, тегишли тушунтиришлар берилди, гидроэнергетикани янада ривожлантириш борасида Ўзбекистонда хусусий сектор вакиллари учун яратилаётган қулайликлар таништирилди.

Микро ва кичик ГЭС қуулриш учун ер майдонлари тадбиркорларга камида 20 йил муддатга текинга ижарага берилади.


Асосий фаолияти кичик гидроэлектр станциялари қурилмаларини ишлаб чиқариш бўлган юридик шахслар уч йил муддатга юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳамда мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50% миқдорида тўлайди.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 5 мегаваттгача бўлган гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи функцияси (ваколати) берилган орган томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади.

Қуввати 5 мегаватттгача бўлган гидроэлектр станцияларни қуриш бўйича лойиҳа ташаббускорлари Энергетика вазирлиги буюртмаси асосида E-auksion электрон савдо майдончасида ўтказиладиган ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифини пасайтириб бориш юзасидан электрон аукцион натижалари асосида аниқланади. Бунда, бошланғич нарх II гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан:

  • қуввати 500 кВтгача бўлган гидроэлектр станцияларга 150% миқдорида;
  • қуввати 500 кВтдан 2 МВтгача бўлган гидроэлектр станцияларга 120% миқдорида;
  • қуввати 2 МВтдан 5 МВтгача бўлган гидроэлектр станцияларга 100% миқдорида белгиланади.

Шу билан бирга, микро ва кичик гидроэлектр станцияларни қуриш учун талаб этиладиган ер участкалари белгиланган тартибда жамоат эҳтиёжлари учун Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади ва кейинчалик электрон аукцион ғолиби бўлган тадбиркорлик субъектига узоқ муддатли ижара ҳуқуқи асосида тақдим этилади. Бу борада, мазкур фармон асосида эндиликда хусусий сектор (тадбиркорлар) томонидан қуввати 5 МВтгача бўлган микро ва кичик ГЭСларни (сув йиғиш иншоотларини қурмасдан) қуриб электр энергиясини ишлаб чиқариши мумкин.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан тадбиркорларга қулийликлар яратиш борасида микро ва кичик ГЭСларга оид маълумотларни олишлари ҳамда АЖнинг тегишли мутахассислари билан тўғридан-тўғри боғланишлари учун телеграм ижтимоий тармоғида «Men ham GES quraman» деган махсус боти ишга туширилди.


Мазкур бот орқали микро ва кичик ГЭСларни қуришга оид қонуний асослар, яратилаётган имкониятлар, таклиф этилаётган лойиҳа майдонлари ва мутахассисларга тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун алоқа маълумотлари берилади.

Эндиликда хусусий сектор вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ортиқча оворагарчиликлардан қутулиш имкониятига эга бўлишади. Узоқ масофадан туриб ҳам махсус бот орқали микро ва кичик гидроэлектр станцияларни қуриш учун таклиф этилаётган лойиҳаларнинг ҳудудлар бўйича жойлашув манзилларини танлаб, ўз таклифларини билдириш имконияти яратилди.

Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ушбу йўналишда кенг тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.

Реклама ҳуқуқлари асосида.