Метро бекатлари яқинидаги велотураргоҳлар хавфли деган қарашлар бор. «Газета.uz» бир нечта бекатларга бориб, велосипедчилардан тураргоҳлар ҳақидаги фикрларини сўради. Қуйида мухбиримиз Мадина Аъзамнинг фоторепортажини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Суҳбатдошларнинг барчаси бир фикрни — метро бекатлари олдидаги велотураргоҳлар хавфсиз эканлигини таъкидлашмоқда.

«Сергелидан ўқув марказига келаман. Йўллар яхши. Ярим-бир соатга «парковка»га қўяман. Ёшлигимдан велосипед ҳайдайман. Қишда ҳам ҳайдайвераман, муаммо туғдирмайди», — дейди Мадина Абдуназарова.

Суҳбатдошлардан бири машинаси бўлсада, велосипедни афзал кўришини маълум қилди.

«Беш йилдан бери велосипедда юраман. Машинам бор, лекин минмайман. Тахминан, метрогача 5 км йўл босиб келаман. Метрога велосипедни қўйиб, «Бунёдкор»га, ишхонамга бориб, қайтиб келаман. Велосипедимни олиб, кейин уйга кетаман», — дейди Шуҳрат Худойқулов.

«Бу велосипедни бозордан 1 350 000 сўмга олганман. 5-бекатда велосипедим 3−4 соат туради. Ўғирлаб кетишларидан хавотирланмайман ҳам, қўрқмайман ҳам, чунки ҳамма томонда камералар бор. Шу сабабли бемалол ҳайдаб келаман», — дейди Нажмиддин Яхшиқулов.

Суҳбатдошлардан бири 30 йилдан ортиқ велосипеддан фойдаланишини қайд этди.

«Бугун ҳам ёмғир бўлишига қарамасдан велосипедим билан чиқдим. Ҳавони қанақа бўлишидан қатъий назар, қиш кунлари ҳам ишга велосипедда бориб келаман. Велосипедда юриш хавфли эмас, йўл қоидаларига амал қилсангиз, ҳаммаси яхши бўлади. Велосипед 5−7 соатлаб тураверади. Ишдан қайтиб келиб, велосипедимни миниб, уйга кетавераман. Жуда қулай», — деди Ҳафиз Эшмуродов.

«Кеч бўлса ҳам велосипедга ҳеч ким тегмайди, кўнглимиз хотиржам, чунки камералар, милициялар бор. Қиш фаслида велосипеддан фойдаланиш бироз қийинчилик туғдиради. Қорли, ер музлаган вақтларда бошқа транспорт воситаларидан фойдаланамиз. Қолган вақтларда, ёмғир ёғса ҳам, бемалол велосипедда келиб кетса бўлади», — дейди Салоҳиддин Муродов.