Мудофаа вазирлигига қарашли Чирчиқ умумқўшин полигонида давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимяти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғин бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғин давомида вазирлар, раислар, агентлик ва инспекция бошлиқлари, бош директорлар қўшинлар кундалик фаолияти билан танишган ҳолда мамлакат мудофаасини ташкиллаштириш доирасида юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлигини ошириш учун бевосита ҳарбий хизмат муҳитида бўладилар.
Мазкур йиғин орқали давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини жанговар тайёргарлик фанлари бўйича назарий ва амалий машғулотларни ўтказиш йўли билан аввал олинган ҳарбий кўникмаларини қайта тиклаш (шакллантириш) ва такомиллаштириш, шунингдек, ҳудудий мудофаа ва фуқароларни ҳимоя қилишни ўрганиш (ўзлаштириш), маънавий-ахлоқий ва маънавий-руҳий сифатларини ривожлантириш, давлат ҳарбий қурилиш ишларида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш, даҳлдорлик ҳисларини ошириш мақсад қилинган.
Йиғиннинг биринчи кунида белгиланган йиғин пунктига етиб келган вазирлик ва идоралар раҳбарлари тиббий кўрикдан ўтказилди, уларга кийим-кечак ва анжом-аслаҳалар топширилди ва иштирокчилар ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича гуруҳларга тақсимланди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳам иштирок этиб, йиғиш иштирокчиларини қутлади, бир неча кун давом этадиган машғулотлар мамлакат армиясининг қудрати билан яқиндан танишиш учун ажойиб имконият эканлигини таъкидлаб, барчага омад тилади.
Таъкидланишича,18 ноябрга қадар давом этадиган йиғин давомида давлат бошқарув органлари раҳбарлари жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан танишади.
Шунингдек, йиғин иштирокчилари алоқа, тактик-тиббий, ҳарбий спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлайди. Оператив, сафарбарлик, ахлоқий-руҳий, тактик тайёргарликлардан ўтиш орқали замонавий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлардан атрофлича бохабар бўлиб боради.