Самарқанд ва Марҳамат туманлари ҳамда Бухоро ва Олмалиқ шаҳрида ерни ноқонуний равишда сотишга уринганлар қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳар бўлими томонидан ИИБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Фуқаролар Р.Х. ва С.К. (муқаддам судланган) фуқаро Ғ.Г.ни, унга Бухоро тумани «Боғдашт» МФЙ ҳудудидан «С.К» МЧЖга кўп қаватли уй-жой комплекси қуриш учун 1,12 гектар ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган бўлсада, унга ушбу ер майдонини 120 000 АҚШ долларига сотишларини айтиб ишонтиради.

Улар Ғ.Г.дан танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 70 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, «A.S.» МЧЖ раҳбари М.А. 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларга МЧЖга интенсив токзорлар барпо қилиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун 50 000 АҚШ долларига сотишини айтиб, танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 30 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Ю. бошқа бир фуқаро Ш. Б.га юқори лавозимида ишловчи танишлари орқали ўзи раислик қилиб келаётган «З.» боғдорчилик узумчилик ширкатига қарашли 20 сотих ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер олиб бериш эвазига 23 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Х.Х. ўзига М.Тожибоев массивида иссиқхона қуриш учун ажратилган 20 сотих ер майдонининг 4 сотихини танишлари орқали фуқаро Г. А.нинг номига турар-жой қуриш учун расмийлаштириб бериш эвазига 7 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.