18 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг расмий ташрифи арафасида MEDEF International Франция тадбиркорлари ҳаракатининг Париждаги қароргоҳида икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Бизнес-форумда Франция ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, авиация саноати, темир йўл транспорти, логистика ва коммуникациялар, энергетика, тоғ-кон саноати, сервис ва консалтинг, қурилиш каби соҳалардаги компаниялари, банк ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон-Франция бизнес-форумининг муҳим воқеаларидан бири — «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ ва Франциянинг Societe Generale S.A. молиявий конгломерати ўртасида 50 млн евро миқдорида кредит линиясини жалб этишни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномасининг имзоланиш маросими бўлиб ўтди.

Шартнома икки банк ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради:

  1. Лойиҳа ва савдони молиялаштириш соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш шу жумладан технологик асбоб-ускуналар, хомашё етказиб бериш, шунингдек, кейинчалик юқори қўшимча қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун Франциядан хизматлар кўрсатишни кўпайтириш.
  2. Ғазначилик операциялари сохасида, шу жумладан халқаро капитал бозорларидаги махсулотлар ва валютавий своп, форвард, опцион каби хосилавий молиявий воситалар.
  3. Икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш ва банк секторини ўзгартириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилган банк фаолиятининг бошқа соҳаларидага ислоҳотларни амалга ошириш.
  4. Банк ходимларининг малакасини ошириш мақсадида тажриба алмашиш ва қўшма тадбирларни ўтказиш.

Юқоридаги музокаралар доирасида томонлар Францияда ишлаб чиқариладиган ATR 72−600 русумли самолётларни етказиб беришни назарда тутувчи транспорт соҳасида лойиҳани молиялаштириш бўйича келишувга эришилди.

Лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2022 йил 26 октабрдаги «Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» ПҚ-412-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ичида минтақавий йўловчи ташиш ҳажмини кенгайтириш имконини беради, ички туризм ва минтақавий ҳаво қатновини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.

«Ўзмиллийбанк» АЖ ва Societe Generale S.A. ўртасида 2003 йилдан бошлаб узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, 20-йиллик давр мобайнида томонлар ўртасида 700 млн доллари миқдорида 9 та лойиҳа амалга оширилган. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кўп сонли янги ишчи ўринларини яратиш имконини берди. Вакиллик алоқалари соҳасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бу Франция ва Ўзбекистон ўртасида ҳисоб-китоб бизнесини ривожлантириш ва халқаро тўловларга хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.


Societe Generale S.A. Европадаги энг йирик француз молиявий конгломератларидан бири бўлиб, у BNP Paribas, Credit Agricole ва Groupe BPCE билан биргаликда француз банк бозорининг «катта тўртлигини» ташкил қилади.

Банк 1864 йил 4 майда бир гуруҳ саноатчилар ва молиячилар томонидан Societe Generale pour favoriser le developpement du commerce et de l’industrie en France (Францияда савдо ва саноатни ривожлантириш бўйича умумий жамият) номи билан ташкил этилган.

Societe Generale S.A.`нинг асосий фаолияти — чакана банк, молиявий хизматлар, суғурта, глобал банк ва инвестициялар. Societe Generale S.A. капитали 73,7 млрд долларини, активлари эса — 1,6 трлн долларини ташкил этади.

Реклама ҳуқуқлари асосида.