Сурхондарёда Nexia ва Nexia-3 иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 19 декабрь куни соат 07:30 ларда М-41 автомобиль йўлининг 1609-километрида Термиз-Денов йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 билан яна бир Nexia ўзаро тўқнашди.
Nexia-1 ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчиси олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этди. Қолган уч нафар йўловчи ва Nexia-3'нинг ҳайдовчиси оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, чорраҳада вақтинчалик электр энергияси узиб қўйилгани сабаб ўрнатилган светофорнинг ишламаган. Йўл белгилари билан тартибга солинган ушбу чорраҳада Nexia-1 автомобили асосий йўлдан ҳаракатланиб келаётган Nexia-3'га йўл бермасдан, ҳаракатланиб чиқиб келган. Светофор ноқонуний электр тармоғига улангани учун тармоқдан ажратиб қўйилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.