Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси «Газета.uz»нинг «Касаба уюшмалари федерациясига давлат бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилиши мумкин. Бу қанчалик қонуний?» сарлавҳали материалига муносабат билдирди. Ушбу саволли масалага федерациянинг юридик бўлими бошлиғи аниқлик киритди. Жавобни қуйида тўлиқ ҳолда эълон қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат касаба уюшмалари фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа кўринишларда ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
Мақолада «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун 25-моддасининг касаба уюшмалари мулкининг шаклланиш манбаларига бағишланган нормаси келтириб ўтилган. Қонунлар, умуман олганда, ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатлар каби тўлиқ ўрганилиб, кўриб чиқилиши керак.
Юқорида таъкидланганидек, давлат касаба уюшмалари фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин. Шунингдек, давлат касаба уюшмалари фаолиятини қонунчиликка мувофиқ бошқа тарзда ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин. Мақолада ажратилгани айтиб ўтилган маблағлар ижтимоий буюртма сифатида мақсадли маблағлар ҳисобланади.
Ташкилотнинг 2020 йил 11 ноябрдаги низомига кўра, Касаба уюшмалари ўз фаолиятида, шу жумладан, молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ҳамда улар томонидан назорат қилинмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Материал муаллифи бу ерда ҳам ҳужжат билан тўлиқ танишмаган. Низомнинг келтирилган нормаси бу билан тугамайди, унда «қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно» деган қисм бор. Бу Касаба уюшмалари федерацияси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат органлари олдида ҳисобдор эканини англатади.
Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари ёки касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган тузилмаларни давлат томонидан молиялаштириш кўплаб мамлакатларда одатий ҳол саналади.
Қуйида бир нечта мисоллар:
Франция
Касаба уюшмаларига ажратилган давлат субсидиялари 2000 йилда «600 миллион франкдан кам бўлмаган миқдорда» этиб белгиланган. Ушбу давлат субсидиялари касаба уюшмаларининг айрим фаолиятини молиялаштириш учун ишлатилади. Бунга сайланган мансабдорлар учун ўқув тренинглари ёки касаба уюшмалари тренингларини мисол қилиб келтириш мумкин. 2000 йилда ушбу жараён харажатлари 213 миллион франкни ташкил этган. Бу меҳнат субсидиялари бўлиб, француз касаба уюшмалари ҳаракатининг келиб чиқишидаги тарихий элемент ҳисобланади.
АҚШ
Америка Касаба уюшмалари маркази ташкил этган Бирдамлик маркази (Solidarity Center) АҚШ федерал ҳукумати томонидан (96 фоиздан ортиқ), асосан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Миллий демократия жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Япония
1989 йил май ойида Япония касаба уюшмалари конфедерацияси томонидан халқаро меҳнат алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи ташкилот сифатида ташкил этилган Япония Халқаро меҳнат фонди (JILAF) ҳукумат томонидан молиялаштириб келинади.