29 декабрь куни президентнинг [ПҚ-462-сон] «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорга кўра, президентга ҳисобдор бўлган, давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасаси шаклидаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, жумладан:
- Президентнинг ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
- қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказади ва амалга оширилишини мониторинг қилади, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Институтга қуйидаги соҳаларда амалий тадқиқотлар ўтказиш юклатилади:
- маъмурий ислоҳотлар ўтказиш шароитида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш;
- конституциявий ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий устувор йўналишлари ва уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш (давлат бошқаруви, фуқаролик жамиятини ривожлантириш);
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш босқичида уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини мақбуллаштириш орқали «ақлли тартибга солиш» лойиҳасини жорий этиш;
- коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш.
Қарорга кўра, Институт томонидан ўтказиладиган фундаментал ва амалий тадқиқотларни мувофиқлаштириш мақсадида Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилади.