Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мамлакат ҳудуди, хусусан пойтахтга кескин совуқ об-ҳаво кириб келиши кутилаётгани муносабати билан ҳар қандай талофатларнинг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.
Шаҳар ҳокими мутасадди шахсларга қуйидаги топшириқларни берди:
аномал совуқ кунлар даврида, ўн кун давомида: 9 дан 18 январгача шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан Zoom шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланади;
вазиятларни бошқариш юзасидан топшириқлар телефон ва онлайн алоқа тизимлари орқали тўғридан-тўғри берилади;
қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини назоратга олиш;
озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чораларини кўриш;
марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалашни ташкил қилиш;
бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалашни таъминлаш;
электр тизимида аварияларни тезкор бартараф этиш;
туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминотини алоҳида назоратга олиш, улардаги мавжуд электр генераторларини ёқилғи билан таъминлаш, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтириш;
фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2 кун муддатда жамоат жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қайта кўрик-назорат тадбирларини ўтказилишини таъминлаш;
аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиш ва имкон қадар шахсий транспорт воситасидан фойдаланмасликни тавсия этиш;
навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлашини назоратга олиш;
2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликларни тўлдириш;
кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимларини иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминлаш ва ҳоказо.