Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди.
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг маълум қилишича, 10−18-январь кунлари мактабгача таълим ташкилотларида навбатдан ташқари таътил эълон қилиниши муносабати билан мактабгача таълим ёшидаги (3−7 ёшли) болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади.
Вазирликнинг мазкур баёнотидан сўнг «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров 6 январь куни «ишлайдиган, оилали аёллар учун эрталаб ишга бир соат кечроқ келиш ва иш вақтидан бир соат вақтлироқ кетишни расмийлаштириш керак»лигини таклиф сифатида илгари сурди.
«Боғчадан фарзандини вақтида олишига вазифаси халақит бераётган аёлларга иш вақтини қисқартириш жуда яхши, лекин бу масаланинг ярми… Ишлайдиган, оилали аёллар учун эрталаб ишга бир соат кечроқ келиш ва иш вақтидан бир соат вақтлироқ кетишни расмийлаштириш керак. Аёл ходимнинг иш самарадорлиги сезиларли ошади, оилада муҳит ўзгаради. Қолаверса, натижа кўп ишлаш эмас, самарали ишлашнинг ҳосили эканини ҳамма тан олмаса ҳам, жуда яхши билади», — деб ёзади депутат.
Алишер Қодировнинг мазкур таклифи Twitter микроблоглар хизматининг ўзбек сегментида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимлардир буни қўллаб-қувватласа, айримлар таклифга қўшилмаслигини ёзиб қолдирган.
Korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимовнинг қайд этишича, бу таклиф амалиётга жорий қилинса, «оилали аёллар меҳнат бозоридан сиқиб чиқарилади».
«Бир хил ойлик тўлаб, бир-икки соат кам ишлайдиган ишчилар учун иш жойлари кескин камаяди. Иш берувчилар уларга иш таклиф қилмай қўйишади. Қош қўяман деб, кўз чиқарамиз: ёрдам бермоқчи бўлган тоифага қийинчилик туғдирилади ва оилалик аёллар меҳнат бозоридан сиқиб чиқарилади», — деди тадбиркор.
Тадбиркор Зафар Ҳошимовнинг ушбу твитини қўллаб-қувватлаган иқтисодчи Барногул Санақулова ҳамда журналист ва блогер Шаҳноза Соатова қуйидагича фикр билдирган:
Алишер Қодировнинг мазкур чиқиши Facebook тармоғининг ўзбек сегментида ҳам мунозараларни келтириб чиқарди. Хусусан, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ходими Дилнозахон Каттахонованинг фикрича, аёлларнинг иш вақтини қисқартириш акс натижа беради.
«Ўзи камдан-кам раҳбарлар аёлларни ишга олишни хоҳлайди. Айнан уларга қонунчиликда берилган имкониятлар ҳамда аёлларнинг оиладаги вазифалари сабабли. Алишер Келдиевични ҳурмат қиламан, биз киритган қонунларни доим қўллаб-қувватлаганлар, аммо ушбу таклифни эътиборсиз қолдиролмадим. Меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилинса, аёллар ҳам, эркаклар ҳам тенг шароитларда самарали фаолият юритишларига, оиладаги вазифаларини ҳам вақтида бажаришларига ҳеч қандай тўсиқ йўқ», — деб ёзади Каттахонова.
Кўплаб тармоқ фойдаланувчилари Дилнозахон Каттахонованинг ушбу фикрларига қўшилган ҳолда, ўз фикрларини ёзиб қолдирган:
Тармоқларда депутат Алишер Қодировнинг таклифини қўллаб-қувватлаган фойдаланувчилар ҳам бор. Лекин улар орасида «Миллий тикланиш» партияси аъзолари кўпчиликни ташкил этади. Буни изоҳлардаги сўзлардан, тармоқ фойдаланувчисининг партия байроғи ёнида тушган расмини аккаунтига қўйганидан ҳам билиш мумкин.
Алишер Қодиров ўз таклифига нисбатан бўлган турли фикрлар, айниқса, танқидлар бўйича 7 январь куни муносабат билдирди.
«Оилали аёл ходимларга икки соатлик имтиёз ҳақидаги таклиф, иш берувчилар ва аёл фаоллар томонидан „меҳнат бозорида аёлларни камситилишига сабаб бўлади“, деб танқид қилинди. Иш берувчи — ходимнинг камроқ ишлашига мослашади, лекин оила онасизликка мослаша олмаяпди. Янги Меҳнат кодекси иш вақтини мослаштириш учун имкон беради. Аёллар оиласи учун бу имкониятдан фойдаланиши керак. Акс ҳолда, яқин келажакда инсоннинг аниқ қийматини белгилашни таклиф қиладиган, онаси қадрламаган иш берувчилар пайдо бўлишига тайёр туринг», — деди у.
Қодировнинг сўзларига кўра, тараққиёт қадриятларга таяниши керак. «Бормоқчи бўлган манзилимизни аниқ билиб олайлик», — деган фикрда депутат.