«Quramax Mediсal»нинг лицензияси бекор қилинди

Тошкент туманлараро иқтисодий судида «Quramax Mediсal» МЧЖга берилган лицензияни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилди. Суд қарори билан лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.

Ўзбекистонда поездлар ҳаракат жадвалига ўзгартиришлар киритилади

Аномал совуқ об-ҳаво туфайли 13 январь куни поездлар ҳаракат жадвалига ўзгартиришлар киритилади. Қарор йўловчи поездлар ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди, дея хабар бермоқда «Ўзтемирйўловчи» АЖ матбуот хизмати.

Тошкент-Бухоро йўналишидаги 3 та поезд рейси бекор қилинади

13, 14 ва 15 январь кунлари Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» электропоездлари қатновларининг 3 та рейси кузатилаётган аномал совуқ туфайли бекор қилинади.

Тошкентда иситиш тизимида муаммолар кузатилмоқда

Пойтахтдаги айрим туманларда газ босими пасайиши ортидан иситишда муаммолар кузатиляпти. «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ шаҳар аҳолисини вазиятни тушунишга чақириб, ҳолатни яхшилаш учун зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.

Сенаторлар лотин алифбосини ўрганишни бошлади

Сенаторлар, юқори палата масъул ходимларидан иборат гуруҳ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўрганишни бошлади. Аслида ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилиши керак эди.

Бухорода тадбиркор гаровдаги бинони қайта қимматга гаровга қўйиб, 1,3 млрд сўм кредитни ўзлаштирди

Бухоро шаҳрида оилавий корхона раҳбари банкнинг собиқ масъуллари билан келишиб, кредит таъминоти учун гаровга қўйилган меҳмонхона биносини қайта қимматроққа гаровга қўйган. Қўшимча бино қуриш учун яна кредит олиб, жами 1,3 млрд сўм пулни талон-торож қилди. Унга нисбатан жиноят иши очилди.

«Хаст Имом» маҳалласидаги газ билан боғлиқ муаммолар «Газета.uz» материалидан сўнг бартараф этилди

«Ҳудудгаз Пойтахт» корхонаси «Газета.uz»да эълон қилинган материалдан сўнг «Хаст Имом» маҳалласида газ босими оширилганини маълум қилди. Компания мутахассислари газ тақсимлаш шохобчалари ва хонадонлардаги газдан фойдаланувчи ускуналарни техник кўрикдан ўтказиб, носозликларни бартараф этган.

Ўқувчилар «Газета.uz»дан газ билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўрамоқда

«Газета.uz» репортажи туфайли Тошкентдаги «Хаст имом» маҳалласида газ босими муаммоси ҳал этилди. Бу ҳақдаги хабардан сўнг таҳририятга шунга ўхшаш вазиятда ёрдам сўраб мурожаатлар кела бошлади. Биз ҳар бир ҳолатни батафсил ёритолмаймиз, аммо ўқувчилардан келган мурожаатларни эълон қилишга тайёрмиз.

Улгуржи истеъмолчилар вақтинчалик газдан узилди

«Ўзтрансгаз» компанияси аҳоли, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ва қозонхоналарни узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида ҳар қандай улгуржи истеъмолчиларга, хусусан, АГТКШлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга газ таъминоти тўхтатилганини маълум қилди.

Ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт" — президент

Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Давлат раҳбари сафарбарлик соҳасидаги тайёргарлиги ва ҳудудий мудофаасини ташкил этиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйди. У ҳарбий авиация ва ҲҲМ тизимини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Намангандаги уйда газ портлаши оқибатида 2 киши куйиш жароҳатини олди

Наманган туманидаги хонадонларнинг бирида газ портлаши содир бўлди. Оқибатда 31 ёшли аёл ва унинг 9 ёшли фарзанди куйиш жароҳатини олди.

Совуқ ҳаво таъсири 15 январга қадар давом этади — Ўзгидромет

Ўзбекистонда совуқ ҳаво массасининг таъсири якшанбагача сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси −12…−17, айрим жойларда −20 даражагача совиши мумкин. Баъзи жойларда қор ёғади.

Ўзбекистонга якшанба кунидан бошлаб илиқ ҳаво кириб кела бошлайди

Якшанба куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига илиқ ҳаво кириб кела бошлайди. Ҳарорат кечаси −12…−17 даража, кундузи −5…−10 даража бўлади.

Қозоғистонда автобусдан яна 31 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди

Актобе вилоятида автобусда қолиб кетган яна 31 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди. Транспорт воситасининг йўлда қолиб кетишига кучли совуқ туфайли дизель ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлган.

Андижонда уй ичидаги машина билан ёниб кетди

Андижон туманидаги хонадонда ёнғин содир бўлди. Оқибатда уйнинг шифт, том қисми ва уй жиҳозлари ҳамда дарвозахонада бўлган Damas ёниб зарарланди. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ўзбекистон ТИВ Кобулдаги террорчилик ҳаракатини кескин қоралади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Кобул шаҳрида Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси яқинида содир этилган террорчилик хуружини кескин қоралади. Ушбу ҳаракат оқибатида кўплаб ташқи сиёсат идораси ходимлари қурбон бўлган.

Тошкентда 17 та автомобиль тўқнашди

Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчасида 12 январь куни тунда 17 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда бир ҳайдовчи ва бир пиёда касалхонага ётқизилди.

Банкларда доллар курси тушиб, 11 355 сўмдан сотилмоқда

Тижорат банклари 13 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 260 — 11 330 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 360 сўм.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортаж:

Видео: Тошкент шаҳар ИИББнинг уйсизлар учун маркази қандай ишламоқда?

Тошкентда 2018 йилдан бери пойтахт ИИББ ташаббуси билан очилган уйсизлар учун марказ фаолият кўрсатмоқда. «Газета.uz» мухбирлари ушбу «Меҳр-саховат уйи»да бўлиб, бу ерда аёзли кунларда одамлар сони кўпайишига қандай тайёргарлик кўрилгани ва марказ нималарга муҳтожлигини ўрганди.

Фото: Тошкентнинг Эски шаҳари аҳолиси қаҳратонни қандай ўтказмоқда?

Эски шаҳарнинг «Хаст Имом» маҳалласи пойтахтдаги энг кўҳна уйлар жойлашган ҳудудлардан. Бу ерда сомон-сувоқ уйларни, баъзи хонадонларда чўян печларни учратиш мумкин. Совуқлар бошлангач, «Хаст Имом»да газ босими пасайди. Аҳоли қаҳратонни қандай ўтказяпти — Мадина Аъзамнинг фоторепортажи шу ҳақда.

Синфхоналар бўш, ота-оналар фарзандларини мактабга жўнатмасликка қарор қилишди. Тошкентда учинчи чорак қандай бошланди?

Ўзбекистоннинг қатор вилоятлари, жумладан, Тошкент ҳокимликлари совуққа қарамай, 11 январдан ўқишни давом эттиришга қарор қилди. Пойтахтда кўплаб ота-оналар болаларини дарсга юбормасликка қарор қилишди. «Газета.uz» мухбирлари шаҳардаги мактабларда бўлиб, янги чорак қандай бошлангани билан танишди.