Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташриф буюрди

Президент рафиқаси билан бирга Бишкекка борди. Аэропортда меҳмонларни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва унинг рафиқаси кутиб олди. Ташрифнинг асосий тадбирлари 27 январь куни бўлиб ўтади.

Энергетика вазири — Ўзбекистонда келгуси қиш мавсумига тайёргарлик режаси ҳақида

Энергетика вазири Ўзбекистонда келаси қишга тайёргарлик режасини маълум қилди. Бунда чекка ҳудудлар тўлиқ суюлтирилган газга ўтказилади ва кўмир қозонлар қурилади, иссиқхоналар ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар кўмирга ўтказилади, қуёш электр станциялари қурилиши жадаллаштирилади.

МБ асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди. Сабаблар

Марказий банк асосий ставкани 15% даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор бу иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш учун етарли, деб баҳоламоқда. Охирги уч ойдаги инфляцион кутилмалардаги ўсиш келгусида инфляцион хатарлар юзага келиши эҳтимолларини оширгани қайд этилди.

Ўзбекистонда 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 4,5−5 фоизни ташкил этади

Марказий банк 2023 йил охиригача мамлакат иқтисодиёти 4,5−5% даражасида ўсишини прогноз қилмоқда. Кутилаётган инфляция даражаси эса 8,5−9,5% бўлади. Бу йил пул-кредит сиёсатининг таъсир доираси базавий инфляциянинг ўсиш динамикаси ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги хатарлар сабаб қисқариши мумкин.

Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида тўққизта олтин медални қўлга киритди

Таиландда ўтказилаётган 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати ўз якунига етди. Ўзбекистонлик боксчи йигитлар мусобақада 11 та медаль — 9 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронзага сазовор бўлди.

Қорақалпоғистонда икки автомобиль бир-бирига йўл бермагани сабаб йўловчи ҳалок бўлди

Нукусда бир-бирига йўл бермаган Damas ва Gentra тўқнашиб кетди. Оқибатида Damas йўловчиси жароҳат олиб, шифохонада вафот этди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Қамбарота ГЭС қурилиши бўйича инвестиция шартномасини имзолади

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга ташрифи арафасида икки давлат ўртасида Жалолобод вилоятида Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича инвестиция шартномаси имзоланди. Лойиҳанинг асосий уч томонлама битими июль ойида имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик жиноий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги модда муҳокамага қўйилмади

Сенат ишчи гуруҳи оиладаги зўравонликни жиноят сифатида тан олиш тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаган. Аммо Адлия вазирлиги ҳужжатни энг асосий қисмисиз муҳокамага қўйган. Саида Мирзиёеванинг фикрича, оиладаги зўравонликка жиноий жазо белгиланмас экан, «бир жойда қотиб тураверамиз».

Тошкентда 4 та автомашина иштирокида ЙТҲ рўй берди

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида тўртта машина — Spark, Lacetti, Nexia-3 ва Matiz иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда икки ҳайдовчи жароҳат олди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 1,6 млрд долларлик келишувлар имзоланди

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида Бишкекда умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида 300 миллион долларлик инвестиция ва 1,3 миллиард долларлик савдо шартномалари мавжуд.

Андижонда аёл ва талаба қиз ўлдириб кетилди

Хўжаобод туманидаги хонадонларнинг бирида 62 ёшли аёл ва унинг 17 ёшли жиянининг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. Ҳолат бўйича тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.

Зоминда бўрилар ва Туркистон силовсини фотоқопқонларга тушиб қолди

Табиат ресурслар вазирлиги Зомин қўриқхонасидан икки бўри ва бир Туркистон силовсини тасвирланган фотоқопқон суратларини намойиш этди.

UzAuto Motors Tracker, Malibu ва Equinox учун шартнома беришни қайта тиклади

UzAuto Motors 4 январь куни автомобиллар учун шартнома тузишни вақтинча тўхтатганди. Хабар берилишича, компания Tracker, Malibu ва Equinox учун шартнома беришни қайта тиклаган.

Ўзбекистонда моддий ёрдамга муҳтож оилаларнинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади

Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ишларини янгидан ташкил этишни буюрди. Бунда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» бир тизимга бирлаштирилади, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади. 2023 йилда яна 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш режалаштирилмоқда.

«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Қашқадарё филиали собиқ бошлиғи қамоққа олинди

«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Қашқадарё филиали собиқ бошлиғи МЧЖлардан бирининг раҳбари билан тил бириктириб, жамғарманинг 1,8 млрд сўм пулларини талон-торож қилган. Вилоят прокуратурасига кўра, дастлабки тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тошкентда савдо марказлари ва истироҳат боғларининг иш вақтига қўйилган чеклов бекор қилинди

Тошкентда электр энергиясини тежаш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо-кўнгилочар марказлари ҳамда истироҳат боғларининг иш вақтига қўйилган чеклов «ҳаво ҳарорати яхшиланаётгани ва ҳолат барқарорлашаётгани» сабаб бекор қилинди.

Наманган ва Самарқандда тадбиркорлар жами 3 млрд сўмга яқин кредит пулини ўзлаштиргани айтилмоқда

Наманганнинг Норин туманида тадбиркор аттракцион жиҳозлари учун ажратилган қарийб 2,5 млрд сўм имтиёзли кредитни ўзлаштирган. Самарқандда кузатилган ҳолатда эса яна бир тадбиркор кредитга олинган 416 млн сўмлик металл буюмларни сотиб юборган. Ҳозирда 2 ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.

Бухорода болалар «Цинепар» сиропидан вафот этгани ҳақида ёлғон хабар тарқатилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди

Бухоро прокуратураси вилоятда 23 бола «Цинепар» сиропини ичгач вафот этгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Банкларда доллар курси 25 сўмга ошди

Тижорат банклари 26 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 250 — 11 330 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 350 сўм.

Сурхондарёда бир кунда 13 нафар ҳоким алмашди

Сурхондарёнинг 13 та туманида халқ депутатлари кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида янги ҳокимлар тасдиқланди. Сессияларда вилоят ҳокими в. б. Улуғбек Косимов ва Ўзбекистон президенти Администрацияси вакиллари иштирок этишди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Тошкент рамзларига чизгилар: Марказий универмаг яқинидаги китоб расталари

Марказий универмаг яқинидаги китоб расталари тошкентликларнинг бир неча авлоди учун қадрдон жой, китобсеварлар учун эса жаннатнинг ўзгинасидир. «Газета.uz» ушбу расталар қандай пайдо бўлгани, улар нимаси билан Тошкент рамзларидан бирига айланганини ўрганди.