Санитария эпидемиология хизмати ўзини СЭС ходимлари дея таништираётган шахслар келиб чиқиши номаълум дориларни сотаётганидан огоҳлантирди.
Хусусан, пойтахтнинг Миробод туманидаги «Мовароуннаҳр» маҳалласида ўзларини «Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати туман бўлими ходимимиз (СЭС)» дея таништириб, турли ҳашаротларга қарши дориларни пуллаётган шахслар пайдо бўлгани хабар қилинди.
«Видеода кўрсатилган „сохта СЭС ходимлари“ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар Дезинфекция станцияси ва туман ҳудудий бўлимларида фаолият юритмайди», дейилади хабарда.
Шу каби ҳолатлар юз берса, фуқаролар улардан:
- хизмат гувоҳномаси;
- қайси ташкилот ёки бошқармада фаолият юритиши;
- зарарсизлантирувчи восита сотиши ва сотиб олишга асос сўрашга ҳақли.
Шунингдек, СЭСнинг 78 8880101 (050), Тошкент шаҳар бошқармасининг 71 248−12−43 телефон рақами ёки Тошкент шаҳар ИИБ ва ҳудудий бўлимларига хабар бериб, ушбу ҳолат ҳақида арз қилиш мумкин.