Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқароларни айланма йўллар билан АҚШ давлатига ноқонуний юбораётган жиноий гуруҳ аъзолардан бирининг фаолиятига чек қўйилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Бухоро шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган М.Ф. фуқароларни ноқонуний йўллар билан Европа иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган. У самарқандлик фуқарони АҚШга юбориш учун 15 минг доллар сўраган.

Тезкор тадбир чоғида М.Ф. пулдан уч минг долларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.