Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида ўзбекистонликлар зилзила оқибатларини бошидан кечираётган мамлакат халқига ҳамдардлик ва бирдамлик белгиси сифатида гуллар қолдириб кетмоқда. «Газета.uz» мухбири ушбу жараёнларни кадрларга муҳрлади.
Дипломатик корпуснинг назорат-ўтказиш пунктида бир неча сават гуллар, тўқ қизил атиргуллар ва чиннигуллар гулдасталари, уларнинг ёнида қўллаб-қувватлов ёзувларини кўриш мумкин.
Шомурод Абдуллаев ҳам дўстлари ва ҳамкасблари билан элчихонага гуллар билан келган.
«Қизим Туркияда ўқийди, бахтимизга у мамлакатнинг ғарбий қисмида. Лекин мен у учун хавотирдаман, бир-биримиз билан доим алоқадамиз. Зилзила ўчоғи бўлган жанубда эса вафот этган қариндошларим ва дўстларим бор, биз бу ерга уларнинг хотираси ҳурмати учун келдик», — деди у «Газета.uz»га.
У Туркияга гуманитар ёрдам йиғиш кампаниясида ўзи ва дўстлари ҳам қатнашишини қўшимча қилди. «Интернетда инсонпарварлик ёрдами йиғилаётганини кўриб турибмиз, биз ҳам Ўзбекистоннинг бошқа аҳолиси каби бу жараёнда фаол иштирок этамиз», — деди Абдуллаев.
Туркия учун инсонпарварлик ёрдами йиғилиши ҳақида — кейинги материалларимизда.