Россия Украина ерларида уруш бошлаганининг биринчи йилида рус армиясининг 15 136 нафар вакили ҳалок бўлди. Бу рақамни очиқ маълумотларга асосланган ҳолда Медиазона журналистлари ва BBC рус хизмати кўнгиллилар жамоаси биргаликда тасдиқлади, деб хабар бермоқда Meduza.

Ҳалок бўлганлар орасида 1200 дан ортиқ сафарбар қилинган, 1300 дан ортиқ маҳбус, 1800 дан ортиқ офицер, шунингдек, 199 нафар олий унвонли офицер — подполковник, полковник ва генераллар бор.

Медиазона маълумотларига кўра, Россия урушнинг биринчи йилида йўқотган одамлар сони Афғон уруши давридаги Совет Иттифоқи йўқотган одамларнинг расмий сони — 15 051 дан кўпроқдир.

Урушда ҳалок бўлган россияликларнинг исм-шарифлари рўйхатини тузган журналистлар қурбонларнинг ҳақиқий сони анча юқори эканини таъкидламоқда. Чунки бунда фақат оммага эълон қилинган ва расман тасдиқланган ҳолатлар ҳисобга олинган.

Россия Мудофаа вазирлиги уруш пайтида 3 марта, охирги марта 2022 йил сентябрь ойида йўқотишлар ҳақида хабар берганди. Унда Россия томони 5937 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини билдирган.

Россиянинг йўқотишларини ҳар куни ҳисоблаб чиқувчи Украина Қуролли кучлари бош штаби маълумотларига кўра, 24 февраль ҳолатига 146 820 россиялик ҳалок бўлган.