Қорақалпоғистонда 25 февраль, шанба куни жўхори унидан (жуўри) тайёрланган хамирли миллий таом — «Жуўери гуртик» (уни кўпчилик бешбармоқ билан адаштиради) байрами илк бор нишонланди.
Ушбу байрамни нишонлаш таклифи ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгач, фойдаланувчилар буни қўллаб-қувватлади ва байрам ташкилланди.
«Ташаббуснинг оммавий кўринишда илгари сурилгани икки карра қувонарлидир — жуўэри гуртик кунини нишонлаш таклифи бўлди ва ҳамма бир овоздан бу ғояни маъқуллади», — дейди Нукусдаги Ayimtour компаниясининг туроператори Айжамал Таубалдиева.
«Жуўэри гуртик бизга аждодларимиздан мерос ва бутун Қорақалпоғистон аҳолиси орасида бу таом машҳур. Асосий жиҳат — ун ва махсус ёрма. Ун энг барқарор ўсимлигимиз бўлган жўхори донидан тайёрланади», — деди у.
«Бу оддий ўсимлик Қорақалпоғистонда кенг тарқалган. Одамлар донни қайта ишлашни, уни майдалаб, ўз овқат рационларида ишлатишни ўрганди. Ундан нон пиширилади ва турли ёрмалар, шунингдек, чучвара (гуртик) тайёрланади. Бу рецептлар кундалик ҳаётимизда мавжуд, фақат донлар эндиликда замонавий тегирмонларда майдаланяпти», — дейди Айжамал Таубалдиева.
Оммавий байрам куни жуўэри гуртикнинг энг катта порцияси Нукус шаҳридаги президент мактабида тайёрланди. Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон ошпазлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.
Таом ўқувчи ва устозлар томонидан тайёрланди, байрамда хорижлик сайёҳлар ҳам иштирок этди.
Тадбирда таомнинг пайдо бўлиш тарихи, унинг фойдали хусусиятлари ҳақида сўз борди, мусиқали чиқишлар ва спорт томошалари ўтказилди.
Тайёрланган жўхори гуртик диаметри 3,5×2,5 метр ўлчамдаги «лаган»га сузилди. Бу таомга 20 та курка гўшти, 35 кг жўхори уни ва 15 кг буғдой уни сарфланди.
Хўжайли туманида ҳам байрам туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Жуўэри гуртик кунини Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда истиқомат қилувчи қорақалпоғистонликлар ҳам нишонлади.