22 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида «Исломобод» жоме масжиди очилди, дея хабар бермоқда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати.
Очилиш маросимида идора раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари иштирок этди. Туманнинг Сағбон кўчасидаги мазкур уч қаватли жоме масжиди ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар кўмагида қурилди.
2019 йилнинг октябрида қурилиши бошланган масжиднинг хонақоҳи 8 минг киши, ҳовлиси ва ён-атрофидаги жойлар билан бирга масжид 13 минг намозхонга хизмат кўрсата олади.
Таҳоратхонаси эса 150 кишига мўлжалланган. Бундан ташқари, маъмурият, кутубхона ва шу каби зарур хоналар ҳам барпо этилган.
Фото: Мусулмонлар идораси, Тошкент шаҳри ҳокимлиги