Болгариянинг София шаҳрида ўтган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг 2-босқичида ўзбекистонлик Тахмина Икромова 1 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
У олтин медалга тасмадаги машқда сазовор бўлди. Тўпдаги дастурда эса бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, ушбу босқич доирасида кўпкураш йўналишида ҳам бронза медали билан тақдирланди.
Тасма:
- Тахмина Икромова (Ўзбекистон) — 30.900;
- Элжана Таниева (Қозоғистон) — 30.900;
- Барбара Домингос (Бразилия) — 30.650.
Тахмина Икромованинг тўпдаги дастурдан сўнг олган бронза медали / Фото: МОҚ
Тўп:
- Стилияна Николова (Болгария) — 35.000.
- София Рафаэли (Италия) — 33.150.
- Тахмина Икромова (Ўзбекистон) — 31.750.
Тахмина Икромова аввалроқ Грецияда ўтган Жаҳон кубогининг 1-босқичида кумуш медални ҳам қўлга киритганди.
Спортчи ушбу муваффақиятига булавада бажарган дастурида эришди. Унинг чиқиши ҳакамлар томонидан 31.700 балл билан баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг якуний — 3-босқичи 14−16 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.