22 апрель, шанба куни Қамчиқ довонида Damas ЙТҲга учраган юк машинасидан қочиб, хандаққа тушиб кетди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Соат 06:22 да А-373 халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмидан ўтган 269,4-километрида DAF юк автомобили Тошкент-водий йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда бошқаруви йўқотилиб, ўрта темир тўсиққа урилган.
Шу ҳаракат йўналишидаги Damas эса юк машинасидан қочиши оқибатида хандаққа тушиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари етиб борган ва вазият оқибатларини бартараф этди.
Ҳодиса оқибатида юк машинаси ҳайдовчиси ва Damas автомобилидаги 2 нафар йўловчи жароҳат олиб, Поп тумани марказий шифохонасига юборилди. Ҳалок бўлганлар йўқ.