Ўзбекистондаги биринчи минтақавий авиакомпания Silk Avia (Uzbekistan Airports`нинг шўба корхонаси) 25 апрель куни илк рейсларини амалга оширди. 22 апрель куни ташувчи чипталар хариди бошланганини эълон қилди ва икки кун ичида 250 га яқин чипта сотди.
24 апрель куни ўзини ҳамёнбоп компания сифатида тақдим этган Silk Avia ATR 72−600 самолётида Тошкентдан Самарқандга ва орқага синов парвозини амалга оширди. 70 нафар йўловчи орасида — ушбу француз-италян самолёти ўзига шунча йўловчини сиғдира олади — «Газета.uz» мухбирлари ҳам бор эди.
«Аҳолининг авиациявий ҳаракатчанлигини таъминлаш»
Uzbekistan Airports бошқарув раиси Раъно Жўраева парвоз олдидан журналистлар билан мулоқотида, Silk Avia «нафақат Ўзбекистондаги аэропортлар тармоғини ривожлантириш, балки туризм ва ишбилармонлик фаолиятини рағбатлантириш учун катта механизмнинг асосий калити» бўлиши режалаштирилган.
Янги ҳаво компанияси ҳудудларни боғлаш орқали мамлакат «аҳолисининг авиациявий ҳаракатчанлигини таъминлаши» керак, деди у. Мисол тариқасида уни Тошкентдан Урганчга учиши давомида йўл-йўлакай Самарқанд ёки Бухорода тўхтаб, йўловчиларни қолдириб, бошқаларини олиб кетадиган «авиамаршрутка» билан таққослади.
Ҳозирги вақтда Silk Avia Bangkok Airways`дан харид қилинган, ёши учлар атрофидаги учта ATR 72−600 самолётига эга. Йил охирига қадар компания ҳудди шундай самолётларнинг янгисидан олиши керак, шундан сўнг «парвозлар жадвали янада тўлиқ ва тез-тез бўлади», деди Раъно Жўраева.
Мазкур турдаги самолётлардан Ўзбекистонда илк бор фойдаланилмоқда. Компания Россиянинг UTair компаниясидан узоқ йиллардан бери шу каби самолётларда учиб келаётган12 нафар учувчини таклиф қилди. Тижорат рейслари бошланишидан олдин ATR инструкторлари барча йўналишлар бўйича учувчиларни тайёрлашди.
12 учувчи борт кузатувчилари билан биргаликда 6 та экипажга бўлинишди, шунда ҳар бир самолётга икки учувчидан тушди. Компания экипаж аъзоларини ҳар бир самолёт учун 4 тагача кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда, ҳозирда қўшимча хориж экипажлари билан мулоқотлар олиб борилмоқда.
Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш устувор вазифа, бироқ бу вақт талаб қилади. «Парвозлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан, учувчиларнинг парвоз соатлари етарли бўлиши жуда муҳим, шунда завод уларга учишга рухсат беради», — деди компания раҳбари.
Жадвални тузишда Silk Avia сайёҳлик компаниялари билан маслаҳатлашиб, энг талабгир йўналишлар, қулай учиб кетиш ва келиш вақтларини аниқлаб олди.
Биринчи босқичда Тошкентдан — Самарқанд орқали — Урганчга ҳар куни ҳамда ҳафтада 5 кун Бухоро орқали қатновлар амалга оширилади. Бундан ташқари, жадвалда пойтахтдан Наманган ва Қаршига (ҳафтасига 4 марта), шунингдек, Термиз ва Навоийга (ҳафтасига 2 марта) рейслар ҳам киритилган.
Аста-секин жадвал кенгаяди, «парвозлар ҳар куни бўлмасада, йўловчилар учиб кетишлари ва қайтишлари учун эрталаб ва кечқурун бўлиши шарт», деди Рано Жўраева.
Унинг қўшимча қилишича, жадвалда Ўзбекистоннинг бошқа авиакомпаниялари ва хорижий авиаташувчиларнинг парвоз вақтлари ҳисобга олинади, шунда ҳудудлар аҳолиси дунёнинг исталган нуқтасидаги йўналишларга қулай кириш имкониятига эга бўлади.
«Жамоат транспортининг кўриниши»
Жамоат транспорти билан таққослашга тадбирда сўзга чиққан бошқа расмийлар ҳам тўхталиб ўтди. Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Жасур Чориев афсус билан «барча йўналишларда мунтазам автобус ва темир йўл қатнови мавжуд эмас»лигини тан олди. Бундан ташқари, тез-тез турли транспортлар учун чипталар етишмовчилигини ҳам кузатиш мумкинлиги айтилди.
«Янги авиакомпанияни жамоат транспорти деб таснифлаш мумкин. У ҳудудлар ўртасидаги транспорт қатновидаги бўшлиқларни ёпиши керак», — дея таъкидлади у.
«Бу узоқ кутилган лойиҳа. Президентимиз бир неча бор ҳаво ҳаракатини ривожлантириш, ички рейслар ва биз жуда муҳтож бўлган долзарб йўналишларни зудлик билан тўлдириш бўйича кўрсатмалар берган», — деди вазир ўринбосари.
Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров 1985 йилдаги газетада чоп этилган мақолани эслади, унда ўша вақтларда ҳудудлараро ҳар куни 6 тадан 10 тагача рейс амалга оширилганлиги қайд этилган.
«Вилоятлар нафақат Тошкент билан, балки бир-бири билан ҳам боғланганди. Шунинг учун, биз буларнинг барчасини йўқотганимиз ачинарли. Ва биз бу алоқаларни қайта тиклаётганимиз жуда қувонарли», — деди у.
У чипталар нархи диапазонини — 30−50 доллар — рақобатбардош дея атади ва самолётларни трамвайлар билан таққослади: «Ўтирдинг ва учиб кетдинг». ATR 72−600 самолётига трап зарур эмаслиги, бунинг ўрнига унинг эшиги тушиш йўлаги вазифасини ўташи, юкларни эса ердан турибоқ юклаш мумкинлиги қўшимча қилинди.
Демо-рейс йўловчиси бўлишга табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам таклиф қилинди, чунки у туризм ва маданий мерос вазири бўлган вақтларидаёқ Silk Avia ташкил этилишига туртки берилганди.
У президент Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airports, Транспорт вазирлиги ва Туризм вазирлиги олдига мамлакатнинг йирик шаҳарлари ва туристик марказларини бирлаштирувчи, қулай ва оммабоп авиакомпания яратиш вазифасини қўйганини эслаб ўтди.
«Бизга ҳар қандай — йирик, кичик, ҳудудлараро компаниялар керак, уларнинг сони кўп бўлсин», деди вазир ва мамлакат раҳбарияти қарорлари туфайли Ўзбекистон авиаташувлар бозорида ҳам рақобат юзага келаётганини қайд этди.
Маросимда шунингдек, Фуқаролик авиацияси директори Тоҳир Назаров, Франция элчисининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Франсуа Савье ва ATR (Avions de Transport Régional) концерни вакили Димитрий Бурси ҳам қатнашди.
Тошкентдан Самарқандгача — 45 дақиқада
ATR 72−600 — икки моторли турбовинтга эга яқин масофаларга учувчи лайнер ҳисобланади. У бир классда 70 нафаргача йўловчиларни ташишга мўлжалланган бўлиб, 1400 кмгача масофага 550 км/соат тезликда, икки нафар учувчи бошқаруви ёрдамида уча олади.
Учоқ салони қаторига сунъий теридан қопланган тўртта (2+2) ўриндиқдан иборат. Кичик йиғилувчи столлар ҳам мавжуд. Ўриндиқлар орасида етарлича жой мавжуд — бўйи 190 см бўлган йўловчи муаммоларсиз сиға олди.
Охирги қатордаги ўриндиқ орқага ётмайди. Биринчи қатордаги ўриндиқ олдидаги бўш жой эса оёқни чўзиб ўтириш имконини беради.
Тошкент — Самарқанд йўналишидаги US-131 рейси парвози 45 дақиқа давом этди. Ҳаво кемасига UTair компанияси учувчи-инструктори Алексей Савченко капитанлик қилди.
Самолёт 16 минг фут ёки 4,9 км баландлик атрофида учди, бу ўрта ва узоқ масофаларга учувчи самолётларникидан пастроқ. Тезлик эса — 400−420 км/соатни ташкил қилди.
Рейс давомида икки нафар борт кузатувчиси хизмат қилди. Уларнинг формасига пиджак, кулранг жинси ва самолёт дизайнида акс этган хон-атласга ўхшаш ипак шарф киради. Йўловчиларга фақат сув таклиф этилади.
Самарқандга ташриф чоғида анъанага кўра, учоқни сув аркаси ёрдамида қарши олишди.
Бироз вақтдан сўнг самолёт US-132 рейси билан Самарқанддан Тошкентга қайтди. Ортга йўл 40 дақиқани вақтни талаб этди.