Якшанба куни ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги 772-сайлов участкасида референдум ўтказиш бўйича участка комиссияси аъзоси бўлган аёл кетма-кет олти бюллетенни тўлдириб, «Ҳа» катагига белги қўйгани акс этган видео тарқалди.

«Мазкур хабар юзасидан зудлик билан Марказий сайлов комиссияси вакиллари ҳолатни жойига чиқиб ўрганишди», — дейилади МСК хабарида.

Аниқланишича, маҳалла фаоли ва референдум участка комиссияси аъзоси фуқаро Т. Н. ўзбошимчалик билан бюллетенлардан 16 донасини олиб, оила аъзолари номидан референдум қонунчилигини бузган ҳолда уларга белгилар қўйган.

«Ушбу ҳолат жойида комиссия раиси томонидан аниқланиб, мазкур бюллетенлар бекор қилиниши таъминланган ва умумий ҳисобдан чиқарилиб, бузиб қўйилган бюллетенларга қўшилган», — дея маълум қилди МСК.

Ҳолат юзасидан Марказий сайлов комиссияси назоратида 14-Тошкент шаҳар референдум ўтказувчи округ комиссияси томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда атрофлича ўрганилмоқда.

МСК референдум жараёнларини қонунийлик принциплари асосида ўтказилишига бефарқ бўлмаганликлари учун жамоатчилик вакилларига миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, эрталаб «Газета.uz» сайлов участкаларида журналистлар томонидан индивидуал қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилгани ҳақида хабар берган эди. Энг кенг тарқалган қонунбузарлик, бу — оила аъзолари учун овоз беришдир. Мухбирларимиз кузатувчиларнинг пассивлиги ёки уларнинг йўқлигига ҳам ишора қилишди.

Кейинроқ Бош прокуратура барча маълумотлар прокуратура органларига етиб бормаслигини маълум қилиб, жамоатчилик, журналистлар ва кузатувчиларни қонунбузарликлар ҳақида «1007» ишонч телефонига қўнғироқ қилиб хабар беришга чақирди.

Кечқурун МСК баъзи сайлов участкаларида «овоз бериш натижаларига таъсир қилмаслиги» мумкин бўлган қоидабузарликларни тан олди. Шу билан бирга, комиссия қонунбузарликлар ҳақидаги хабарлар орасида ишончсиз маълумотлар ҳам борлигини таъкидлади.