Тошкентда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионати сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритди, дея хабар бермоқда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Дастлаб Ойбек Жўраев (-54 кг) чемпионлик учун рингга кўтарилди. Унинг учун қозоғистонлик рақиби Маҳмуд Сабирхан билан жанг муваффақиятсиз якунланди ва Жўраев мусобақани кумуш медаль билан якунлади.
Ойбек Жўраев
2 йил муқаддам Сербияда ўтган дунё биринчилигида кумуш медални қўлга киритган Абдумалик Халоков (-57 кг) эса финалда кубалик Сиедел Хорта устидан ғалаба қозонди ва олтин медалга эга чиқди.
Абдумалик Халоков
Мазкур жаҳон чемпионатида дебют қилган Руслан Абдуллаев ҳам мусобақани олтин медаль билан якунлади. -63,5 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчи жангда мўғулистонлик Чинзориг Батарсухдан устун келди.
Руслан Абдуллаев
Сўнгги бўлиб Саиджамшид Жафаров (-71 кг) финал жангини ўтказди. Беллашув қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновнинг ғалабаси билан якунланди ва спортчи кумуш медалга сазовор бўлди.
Саиджамшид Жафаров
Шу билан Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлаб, Жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, -51 кг вазн тоифасида олтин медалга эга чиққан Ҳасанбой Дўсматов чемпионатнинг энг яхши боксчиси, умумжамоа ҳисобида биринчиликни қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси эса энг яхши жамоа деб топилди.