«Тартибга солиш қумдони» иштирокчиси ҳисобланган Korzinka супермаркетлар тармоғи («Anglesey Food» МЧЖ ХКга қарашли) кассаларида банк карталаридан нақд пул ечиш хизмати йўлга қўйилди. Бу ҳақдаги маълумот «Тартибга солиш қумдони» рўйхатига киритилди, дея хабар қилди Марказий банк матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Korzinka кассалари орқали банк карталари сақловчиларига нақд пул беришнинг вақтинчалик тартиби 28 апрель куни тасдиқланган. Синов 1 майдан жорий йил 1 ноябрига қадар давом этади.

«Синовдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар қўшимча эълон қилинади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов Korzinka`да виртуал кассада тажриба аллақачон ўтказилгани, ўша вақтда мазкур тизим бўйича регуляторнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати Адлия вазирлигида кўриб чиқилаётганини билдирган эди. Март ойида эса нақд пул олиш учун воситачилик ҳақи 0,5 — 0,8% миқдорида (банкоматларда — 1 фоиз) белгиланиши режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 9 ноябрдаги фармони билан 1 январдан Ўзбекистонда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими жорий этилди. Унга кўра, махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектларига янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик, шунингдек, лицензиясиз ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга оширишга рухсат берилди.