Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлида 27 май куни тормози ишламай қолган Isuzu юк автомашинаси 4 та транспорт воситасига урилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Соат 15:25 да Қамчиқ довони 250-километрида Тошкент-водий йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Isuzu юк автомашинасининг тормоз қисми ишламай қолган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва шу йўналишда турган Kia, Damas ва 2 та Cobalt автомашиналарига урилиб, овқатланиш маскани ҳудудидаги фавворага бориб тушган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 1 нафар фуқаро вафот этди ва 3 киши жароҳат билан Поп тумани шифохонасига юборилди.
Воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари ва тегишли ташкилотлар вакиллари етиб борган. Ҳозирда вазият оқибатлари бартараф этилмоқда. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.