Шахматчи Нодирбек Абдусатторов 29 май — 9 июнь кунлари Норвегиянинг Ставангер шаҳрида бўлиб ўтадиган энг нуфузли классик шахмат турнирларидан бири — Norway Chess мусобақасида иштирок этади. Турнирнинг соврин жамғармаси 2,5 миллион кронни ташкил этади (тахминан 243 минг доллар), ғолиб 750 минг крон (тахминан 67,6 минг доллар) олади.
Турнирда шунингдек:
- ФИДE жаҳон рейтинги етакчиси Магнус Карлсен (2853);
- Алиризо Фирузжа (4-ўрин, 2785)
- Ҳикару Накамура (5-ўрин, 2775)
- Аниш Гири (6-ўрин, 2768)
- Фабиано Каруана (7-ўрин, 2764)
- Уэсли Со (8-ўрин, 2760)
- Шаҳрияр Мамедяров (16-ўрин, 2738)
- Гукеш Доммаражу (18-ўрин, 2732)
- Нодирбек Абдусатторов (19-ўрин, 2731)
- Арян Тари (104-ўрин, 2642) иштирок этади.
Нодирбек Абдусатторов ChessKid турнирининг учинчи босқичида қозонилган ғалабани нишонламаслигини, аксинча, Ставангер-2023 турнирига, айниқса, Магнус Карлсен билан учрашувга тайёргарлик кўришини айтди.
«Мен Norwey Chess турнирига эътибор қаратаман… Албатта, у ерда Магнус ўйнайди. Унга қарши ўйнашимдан жуда хурсандман», — дейди у.
Магнус Карлсен Norway Chess турнирини кетма-кет тўрт марта ютган (2019 йилдан 2022 йилгача), аммо у узоқ танаффусдан сўнг биринчи марта классик шахмат ўйнайди. Норвегияликнинг ўзи ҳам айни дамда қандай формада эканини билмаслигини таъкидлади: «Ҳозир мен классик шахматни қанчалик яхши ўйнашимни тасаввур ҳам қила олмайман. Уни яна синаб кўриш қизиқарли бўлади.»