Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ходими 2 фуқарони Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг доллар талаб қилиб, шундан 10 минг доллар олганда ушлангани маълум қилинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Жараёнда Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ходими Марғилон шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ва унинг ўғлини 20 минг доллари эвазига Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, бу суммадан 10 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суриштирув ҳаракатлари давомида у ушбу пул маблағини туристик фирма раҳбарининг кўрсатмаси асосида олгани маълум бўлди, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.