Аттракциондан йиқилган фуқаролар ҳолати ўрта оғир даражада — ССВ
ССВ маълум қилишича, «Анҳор — Локомотив» кўнгилочар боғида аттракциондан йиғилган икки фуқаронинг ҳолати ўрта оғир даражада. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентда иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи бир йилда 27 фоизга ошди — ИТИМ
Май ойида пойтахтдаги иккиламчи кўчмас мулкнинг ўртача нархи 2,5 фоизга кўтарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошди. Шаҳардаги ижара нархлари эса йил бошидан бери 12,1 фоизга камайди.
Тошкентда ҳимоя ордери талабларини бузган АҚШ фуқароси жаримага тортилди
Тошкентда 61 ёшли АҚШ фуқароси Максим Пенсон ҳимоя ордери талабларини бузгани ва безорилиги сабаб жаримага тортилди. У турмуш ўртоғи С.Разаковани турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, аёлига нисбатан тазйиқ ўтказган. Суд уни 990 минг сўм жаримага тортди.
Наманган вилояти Жиноят қидирув бўлимининг собиқ бошлиғига қийноқ учун енгил жазо тайинланди
Наманган вилояти ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Умид Рауповга тергов изоляторида сақланаётган шахсни қийноққа солгани учун уч йил муддатга озодлик чеклаш жазоси тайинланди. Суд жабрланувчининг даъволари йўқлиги ҳамда судланувчининг айбига қисман иқрорлигини инобатга олиб, жазони енгиллаштирди.
Нукусда аёл 4-қаватдан қулаб вафот этди
Нукусда 27 ёшли аёл кўп қаватли уйнинг 4-қаватидан қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Аёлнинг руҳиятига ўтган йилнинг сентябрида эгизак чақалоқларидан айрилгани салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.
Хоразмда дарахтларни ноқонуний равишда кесган ферма раиси озодлиги 2 йилга чекланди
Қўшкўпир туманида 83 туп ҳар хил катталикдаги дарахтни қўпорган ва 3 туп дарахтга шикаст етказган ферма раисининг озодлиги 2 йилга чекланди. Шунингдек, 193,8 млн сўм миқдорида ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ҳам қоплаши белгиланди.
«Click ва Uzum бирлашиши тўғрисида расмий битим тузилмаган» — Рақобатни ривожлантириш қўмитаси
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Click тўлов ташкилоти Uzum компаниялар гуруҳи билан бирлашув битимига олдиндан розилик олиш бўйича мурожаат қилмаганини ва компаниялар бирлашиши тўғрисида расмий битим тузилмаганини маълум қилди.
Тошкентда 2 ёшли қизалоқ қулаган девор остида қолди
Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонларнинг бирида қурилиш вақтида уйнинг бир қисми қулаб тушди, оқибатда икки яшар қизалоқ девор остида қолди. ФВВ ходимлари қизни қутқариб, шифокорга топширган.
Ўзбекистон президенти Хитой раисини 70 ёши билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпинга 70 ёшга киргани муносабати билан табрик йўллади. Шунингдек, уни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
«Ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз». Шавкат Мирзиёев Қўқондаги бозорда юз берган ёнғин ҳақида
Шавкат Мирзиёев ёнғиндан зарар кўрган Қўқондаги бозор бир ой ичида тўлиқ тиклаб берилишини маълум қилди. «Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз», — деди президент.
Транспорт вазири баскетбол федерацияси раиси бўлди
2020 йилдан бери Ўзбекистон транспорт вазири сифатида ишлаб келаётган Илҳом Махкамов эндиликда Баскетбол федерациясига ҳам раислик қилади.
«Intermed Innovation клиникасининг важлари ҳуқуқий асосга эга эмас» — ССВ
ССВ Intermed Innovation хусусий клиникаси лицензиясини суд орқали бекор қилинганини маълум қилганди. Шундан сўнг, Intermed Innovation компанияси лицензияни бекор қилиш бўйича суд жараёнини ноқонуний деб атаган эди. Вазирлик клиниканинг баёнотига нисбатан муносабат билдирди.
Ўзбекистонга беш ой давомида 2,6 млн сайёҳ келди
Статистика агентлиги Ўзбекистонга январь-май ойларида 2,6 млн нафар сайёҳ келгани, уларнинг энг кўпи Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан эканини маълум қилди. Сайёҳларнинг 2,1 млн нафари (81,5%) мамлакатга пиёда келган.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди
Регуляторнинг қайд этишича, йил якунига қадар инфляциянинг 8,5−9,5 фоизгача пасайиши ҳамда инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирини оширувчи омилларга нисбатан кучлироқ бўлиши кутилмоқда.
МБ эскирган банкнот ва тангаларни алмаштириб беришни қайта тиклади
Марказий банк муомаладан чиқарилган банкнот ва тангаларни қабул қилиш ва уларни янги банкнотларга алмаштиришни давом эттиришга қарор қилди.