Адлия вазирлиги томонидан Uzbekistan’s club нодавлат нотижорат ташкилоти қайта рўйхатдан ўтказилди, дея хабар қилди вазирлик матбуои хизмати.
Илгари ННТ «Кинематографияни ривожлантириш маркази» деб аталган ва номи ўзгаргани ва мақсадлари кенгайганини инобатга олган ҳолда қайта рўйхатдан ўтказилди.
Uzbekistan’s club`нинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- хориждаги ўзбекистонликлар билан алоқа ўрнатиш;
- дунё бўйлаб турли соҳаларда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ҳақида эксклюзив ва юқори сифатли аудиовизуал контент яратиш;
- хориж ҳамжамияти вакилларини буюк аждодларимизнинг бой маданий мероси ва дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар билан таништириб бориш мақсадида хизмат қилувчи майдон яратиш.
«Биз Ўзбекистонликлар учун Uzbekistan’s club медиа-платформасини ривожлантиришда, уни ватандошлар билан узлуксиз ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, ёш ватандошларга ўз мақсадларига эришиш учун трамплин топиш имкониятини беришда давом этамиз», — дейилади НТТ баёнотида.
Апрель ойи бошидан Uzbekistan’s club онлайн платформаси иш бошлади. Клуб жамоаси хорижда муваффақият қозонган ўзбеклар ҳақида «Ўзбекистонлик» туркум фильмларини суратга олишмоқда. Шу кунгача биринчи, иккинчи ва учинчи фильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтган.