Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев якшанба куни Эронга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакат президенти Иброҳим Раисий билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг қайд этишича, музокаралар чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янада кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратишлари таъкидланди.

Президентлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Марказий Осиёни Эрон билан боғловчи энг қисқа транспорт-логистика йўлакларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Энергетика, кимё саноати, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, саноат қурилиш материаллари, машинасозлик, ускунасозлик ва электротехника тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўриб чиқилди. Аграр йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, боғдорчилик ва балиқчиликда, қурғоқчиликка чидамли экин турларини селекция қилишда тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

иброҳим раисий, эрон

Халқаро терроризм, наркотрафик, кибертеррорчилик, одам савдоси каби глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Давлат раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этган музокараларда инновациялар, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, кибернетика, технологиялар трансфери каби соҳаларда тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланаётгани, жумладан, Бухоро вилояти ва Ҳамадон устони, Самарқанд ва Исфахон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилаётгани қўллаб-қувватланди.

Икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги мунтазам авиақатновларнинг кўпайиши ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси фондларида сақланаётган қадимги қўлёзмаларни чуқур ўрганиш учун қўшма илмий гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Президентлар Ўзбекистон ва Эрондан 200 нафардан зиёд тадбиркорлар иштирокида ўтган бизнес-форум натижаларини олқишладилар.

иброҳим раисий, эрон

Олий даражадаги музокаралар якунлангач, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.

Бундан ташқари, ташриф доирасида ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудлар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди. Ҳукуматлар ўртасидаги имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Эрон Миллий стандарт ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси шулар жумласидан.

Қўшма эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, фармацевтика, транспорт ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар қабул қилинди.

Шунингдек, Спорт соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, Низоларни ҳал этиш ва арбитраж тўғрисида англашув меморандуми, Қайта суғурталаш соҳасида ҳамкорлик бўйича факультатив битим ва бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланди.