Мобиллик «жиддий ўзгаришлар бўсағасида» ва унинг асосий натижаларидан бири шахсий автомобиллардан фойдаланишнинг қисқариши бўлади, дейилади McKinsey & Company халқаро консалтинг компаниясининг «The future of mobility» («Мобиллик келажаги») ҳисоботида.
McKinsey прогнозларига кўра, 2035 йилга келиб бутун дунё бўйлаб шахсий автомобиллардаги ташувлар улуши 2022 йилдаги 45 фоиздан 29 фоизга тушади. Айниқса, Европа ва АҚШ шаҳарларида автомобиллардан фойдаланиш кескин камаяди.
«Жамоат транспорти, скутерлар, электр велосипедлар ва мини-автомобиллар — жуда кичик уч ёки тўрт ғилдиракли транспорт воситалари автомобиль сотиб олишга қодир бўлмаган одамлар учун охирги чора эмас, балки афзал кўрилган транспорт турига айланиши мумкин», — дейилади ҳисоботда.
Компаниянинг қайд этишича, бир қанча мамлакатлар ҳукуматлари «тирбандликни қисқартириш ва газ чиқаришни камайтириш» учун йўллардаги автомобиллар сонини қисқартириш чораларини кўрмоқда ва истеъмолчилар «янада самаралироқ, яшилроқ ва қулайроқ транспорт вариантларини танламоқда».
Мутахассисларнинг фикрига кўра, «шаҳар аҳолиси … ўзгаришларнинг катта қисмини рағбатлантиради» ва мобиллик инфратузилмасидаги «катта ўзгаришлар» «катта эҳтимол билан дастлаб шаҳарларда содир бўлиши мумкин».
Бугунги кунда, McKinsey ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб 1,3 млрд автомобиль ишлатилмоқда, уларнинг аксарияти хусусий мулкдир. «Хусусий транспорт воситалари тирбандликни келтириб чиқаради, чунки улар одатда жамоат транспорти ёки бошқа умумий сафар вариантларига қараганда камроқ йўловчиларни ташийдилар», — дейилади ҳисоботда.
Бундан ташқари, мутахассислар таъкидлаганидек, кўплаб автомобиллар қурувчиларни гаражлар қуришга ва маҳаллий ҳокимият органлари, масалан, хиёбонлар учун ажратилиши мумкин бўлган «шусиз ҳам етишмаётган шаҳар ерларини ўзлаштириб», кўпроқ машина қўйиладиган жойларини яратишга мажбурлайди.
«Тирбандликни камайтириш учун йўллар ва тегишли инфратузилмани кенгайтириш ҳукуматни уларни сақлаш ва ишлатиш учун кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур қилади. Ва энг муҳими, хусусий автомобилларга эгалик даражасининг юқорилиги углерод чиқиндиларининг кўпайишига ёрдам беради», — дейилади ҳисоботда.