Эрон Ўзбекистонга савдо ва транспорт соҳасини ривожлантириш учун Туркманистон ва Афғонистон орқали денгизга чиқиш имкониятини тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев билан 18 июнь куни Теҳронда бўлиб ўтган учрашувда Эроннинг олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий маълум қилди, дея хабар берди IRNA агентлиги.

Оятуллоҳ Али Хоманаий «Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги мисли кўрилмаган тарихий, маданий ва илмий алоқаларни» таъкидлаб, ушбу умумий асослардан турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

ўзбекистон-эрон

Фото: khamenei.ir.

Эроннинг олий диний раҳбари икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар йиллар давомида жуда чекланган бўлганидан афсусда эканини билдирди. «Умид қиламизки, ушбу ташриф ва Теҳронда бўлиб ўтган музокаралар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг келажагини яхшилайди», — деди у.

Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳамкорлик «савдо ва транспортдан ташқарига чиқиши» мумкинлигини таъкидлади: «Биз илм-фан, технология ва бошқа соҳалардаги турли ташаббуслар орқали ҳамкорлик қилишимиз мумкин».

Олий диний етакчи эрон-ўзбек муносабатларининг кенгайишида «баъзи рақиблар» бор бўлса-да, қарорлар «бундай норозиликларни ҳисобга олмаган ҳолда» ҳар икки мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.

ўзбекистон-эрон

Фото: khamenei.ir.

Шавкат Мирзиёев учрашувни «тарихий» деб атади, шунингдек, «икки томонлама муносабатларнинг узилиши ва ҳамкорликнинг қисқаришидан умид қилмаётганини» таъкидлади.

Ўзбекистон раҳбари Теҳрондаги музокаралар орқали томонлар савдо, транспорт, илм-фан, техника ва туризм соҳаларида муҳим қадамлар қўйиб, ҳамкорликни юқори даражага кўтаришларига умид билдирди.

IRNA хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ҳам «Эрон халқининг АҚШ санкцияларига қарши чидамлилигини юқори баҳолаган».

«Эрон халқининг, айниқса, илм-фан ва техника соҳасидаги ютуқлари шуни кўрсатадики, миллат ўз раҳбарининг доно бошқаруви остида ва бирлик шароитида барча қийинчиликларга қарамай буюк мақсадларга эришиши мумкин», — деди у.

Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи арафасида Теҳронда бизнес-форум бўлиб ўтди, унда Ўзбекистондан 50 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди.

18 июнь куни Тошкентда Эрон инновациялар ва технологиялар уйи (IHITT) ҳам очилди, у бир вақтнинг ўзида Эрон фан ва технологиялар бўйича вице-президентининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бўлади. IHITT Эрон компанияларининг инновацион технологиялари, маҳсулотлари ва хизматларининг доимий кўргазмасини ташкил этади. Унинг яратилишига тахминан 4 млн АҚШ доллари сармоя киритилди.

Шавкат Мирзиёев 2021 йил апрель ойида Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф билан учрашувда Ўзбекистон Эрон денгиз портлари ва «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон»транспорт йўлагини ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаганди.