20 июнь, сешанба куни мактабларда 2023/2024 ўқув йили учун биринчи синфга қабул бошланди, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Соат 12:00 дан бошлаб 43 та шаҳар ва туман-шаҳарда (рўйхат) яшовчи болаларнинг ота-оналари my.maktab.uz электрон платформаси орқали мурожаат қилишлари мумкин. Бошқа вилоятларда қабул мактабларнинг ўзида амалга оширилмоқда.
Қабул 2 босқичда — 20 июндан 31 июлгача мактаблар бириктирилган микро-ҳудудлар доирасида, 1 августдан 15 августгача микроҳудудлардан ташқаридаги амалга оширилади.
2023/2024 ўқув йилида 730 мингдан ортиқ болани биринчи синфга қабул қилиш режалаштирилган.
Вазирликнинг эслатишича, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ болалар 7 ёшга тўлганида мактабга қабул қилинади. Яъни бу йил 2016 йил 1 январдан 31 декабргача туғилган болалар биринчи синфга қабул қилинади.