Тошкент вилоятида 11 ёшли бола онасининг унга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани устидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат қилди, хабар берди Болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Бола бувиси билан бирга вакил қабулига келиб, уйидан бувисиникига қочиб кетгани, опаси, акаси ва синглиси онаси билан қолгани ҳамда отаси вафот этганини айтган.

«Онаси томонидан уч марта руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган мурожаатчи боланинг сўзларига кўра, бир куни онаси билан карта ўйнашганида, карта тушиб кетгани учун онаси пичоқ билан кўкрак қафасига урган, танасида пичоқ ўрни чандиқ бўлиб қолган», дейилади хабарда.

Айтилишича, 11 ёшли болакай мактабга бормайди, ўқиш-ёзишни билмайди, бувиси билан яшашни ҳоҳлайди. Она эса доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилади ва болаларига яхши муносабатда бўлмайди.

Болалар омбудсмани ва бошқа расмийлар ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш учун хонадонга борганида, аёл ўзини одобсизларча тутиб, хонадон эшигини очмаган, қолаверса, барчани ҳақоратлаб, кетишларини талаб қилган.

«Ҳолат юзасидан тезкорлик билан ҳамкор ташкилотлар, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари билан ишлар олиб борилди. Шу куни аёлнинг спиртли ичимликлар таъсирида бўлгани ва бу ҳолат кўпдан бери давом этиб келаётгани, уйининг санитария ҳолати қониқарли эмаслиги ҳамда қарамоғида бўлган болалари қаровсиз қолгани аниқланди», — дея келтирилган хабарда.

Аёл даволаниш учун тиббий муассасага жойлаштирилди. Болалар онаси даволаниб оиласига қайтгунча Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Болаларга ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.

Маълумот учун, давлат боланинг шахси, уй-жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилади.