Жорий ҳафта 73 ёшида вафот этган профессор Қудрат Ирназаров номи ўзи ишлаган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедраси ва аудиторияларидан бирига берилади. Бу ҳақда университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа маълум қилди.

«Яқинда Туркияга борганимда мен эътибор бергандим. Улар шундай бир жон фидо устозларга аудиориялар номини қўйишаркан. Мен ўйладим биз ҳам одамларимизнинг қадрига етишимиз лозим. Бугун мен ўзимнинг ҳамкасбларим билан маслаҳатлашиб қарорга келдим-ки, Қудрат Тўғонович Ирназаровнинг улкан хизматлари, у кишининг оталари Туғон Аканинг журналистикамиз олдидаги беқиёс хизматларини инобатга олиб „Жамоатчилик билан алоқалар“ кафедрасига Қудрат Ирназаров номини қўйсак ва университетдаги бир кўркам аудиторияни атаб Қудрат Ирназаров номини берсак деган фикрни билдирганимда, ҳамманинг кўзида нур пайдо бўлди», — деб ёзди ректор.

Шерзодхон Қудратхўжа Қудрат Ирназаров 2008 йилда Ўзбекистон Миллий университети (собиқ Тошкент давлат университети) журналистика факультети декани бўлиб ишлаганида уни Интернет журналистикаси кафедрасига мудир этиб ишга олганини эслади.

«Кўп йиллар Қудрат ака билан ёнма-ён ишладим. Уни қандай ҳарактерга эга эканлигини тушундим. Уни олийжаноб шахслигини билдим. Принципиал деканлигини билдим. Унча-бунчага эгилмасди. Ва шундй хотима топди. Қудрат ака билан Илмий кенгашларда ўтирар эдик. Қудрат аканининг характерларига мен қойил қолар эдим. Олимлигига, бегидир, ишонувчан инсонийлигига қойил қолардим», — деб ёзди ректор.