Тошкент шаҳри Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди Пётр Каримовнинг Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан мерос бўйича даъвосини ёпиқ тарзда кўриб чиқади. Бу ҳақда журналистларга суд вакили маълум қилди.

Аввалроқ суд мажлислари жадваллари келтирилган сайтда Пётр Каримовнинг Татьяна Каримовага меросхўрлик ҳуқуқи тўғрисидаги даъвоси бўйича биринчи инстанция судининг мажлиси 26 июнь куни бўлиб ўтиши ҳақида маълумот пайдо бўлганди.

«Даъвогар ва жавобгарнинг илтимосига кўра, иш ёпиқ тарзда кўриб чиқилади», — деди суд вакили жараён бошланишидан олдин.

Унга кўра, бугун Татьяна Каримованинг ваколатли вакилининг суд мажлисини кейинга қолдириш ҳақидаги аризаси ҳам қаноатлантирилган. Янги мажлис санаси кейинроқ jadval.sud.uz сайтида эълон қилинади.

Пётр Каримов Ислом Каримов ва Наталья Кучманинг турмушидан бўлган ўғли, ҳозирда Россиянинг Москва вилоятида яшайди, деб ёзади ОАВ.

Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрда вафот этган. Унинг Татьяна Каримова билан турмушидан икки қизи — Гулнора ва Лола бор. Биринчи президентнинг расмий таржимаи ҳолида унинг 3 фарзанди борлиги айтилади.