30 июнь — Ёшлар кунида 14−30 ёшдаги пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари автобуслардан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги маълум қилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси 1 июндаги ҳукумат мажлиси баёнида шу куни бепул фойдаланиш кўзда тутилгани ҳақида хабар берди. Йўловчиларнинг ёши қандай аниқлаб олиниши айтилмаган.

2018 йилдан буён 30 июнь Ўзбекистонда Ёшлар куни сифатида нишонланади. 2017 йилнинг шу куни «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Ёшлар иттифоқига айлантирилган. Ҳаракат қурултойида сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар кунини ҳар йили нишонлашни таклиф қилган.

Президент 2020 йил 30 июнь куни Ёшлар агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

2022 йил охирида Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси қайта кўриб чиқилгач, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ташкил этилган ва Ёшлар агентлиги ушбу вазирлик таркибига кирган.