2022−2023 йилларда дори-дармонлари Ўзбекистонда камида 19 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланмаган хомашёлардан фойдаланган. Ишлаб чиқарувчи пропиленгликоль (сироп учун асос) ўрнига арзонроқ маҳсулотларни ишлатган, деб ёзади Reuters манбаларга таяниб.

Компания пропиленгликолни (ПГ) Maya Chemtech India компаниясидан сотиб олган, агентликнинг хабар беришича, мазкур корхонанинг фармацевтика материалларини сотиш учун лицензияси йўқ, фақат саноат даражасидаги дори-дармонларни сотиши мумкин бўлган.

«Биз Marion уни йўтал сиропларини тайёрлашда ишлатишини билмас эдик. Бизга материалимиз қаерда ишлатилаётгани ҳақида хабар берилмайди», — дейди Maya`нинг исми сир қолишни хоҳлаган ходими Reuters агентлигига.

Саноат пропиленгликоли идиш ювиш воситаларида, антифризларда, бўёқлар ёки қопламаларда, шунингдек, пестицидларнинг самарадорлигини оширишда ишлатиладиган заҳарли материалдир.

Ишни назорат қилаётган терговчининг сўзларига кўра, Marion ҳам ушбу ингредиентни Ўзбекистонга сотган сиропларда ишлатишдан олдин синовдан ўтказмаган. Ҳиндистон дори воситалари ва косметика ишлаб чиқариш қоидаларига кўра, ишлаб чиқарувчилар ўзлари фойдаланадиган ингредиентларнинг хавфсизлиги учун жавобгардир.

Maya Chemtech India ҳозирча айбланувчи сифатида жалб қилинмаган, аммо тергов давом этмоқда, деди компания манбаси.

Декабрь ойи охирида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Док-1 Макс сиропини қабул қилган болаларнинг ўлими ҳамда импорт қилувчи Quramax Medikal компанияси ва Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази мансабдор шахслари ҳибсга олингани бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилганди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги томонидан Marion Biotech компаниясининг барча маҳсулотлари (рўйхат) савдоси тўхтатилган.

Йил бошида Фармацевтика агентлиги Marion томонидан етказиб берилган дори-дармонлар партиясида этиленгликол аниқлангани, унинг ҳажми тиббий қоидаларда назарда тутилган меъёрдан 300 баравар юқори бўлгани ҳақида хабар берганди. Бунинг ўрнига, пропиленгликоль (бактерицид таъсирга эга озиқ-овқат қўшимчаси) дорилар таркибида бўлиши керак эди.

Февраль ойида Фармацевтика агентлиги ва Дори воситаларини экспертиза ва стандартлаштириш марказининг собиқ раҳбари Сардор Қориев ҳам қамоққа олинган. Ўшандан бери ҳуқуқ-тартибот идоралари ишнинг ҳолати ҳақида маълумот бермаган.