Ўзбекистонда 9 июль куни соат 8:00 дан сайлов участкаларида мадҳия янграб, муддатидан аввалги президент сайловида овоз бериш бошланди. Жараён 20:00 га қадар давом этади.
Мамлакатда 10 784 та сайлов участкаси ўз фаолиятини олиб бормоқда. Унда иштирок этиши мумкин бўлган сайловчилар сони 19 млн 593 минг 838 нафарни ташкил этган.
«Газета.uz» мухбири пойтахтнинг 356-сайлов участкасида бўлиб, жараённи кадрларга муҳрлади. Участкада давлат мадҳиясидан сўнг сайлов қутилари пломбаланди.
Ундан сўнг сайловчилар рўйхатдан ўтиб, овоз берди. Жараёнда бир фуқаронинг бир неча паспорт билан овоз беришда қатнашаётгани ҳолати ҳам учради. Аммо, сайлов кодексига кўра, бир киши фақат битта овоз бера олади.
Шайхонтохур туманидаги 359-сайлов участкасидаги жараёндан суратлар:
Шунингдек, номзодлар ҳам ўз овозларини берди.
«Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Робахон Махмудова 21-сайлов участкасига оилавий ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этди.
Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов Шайхонтоҳур туманидаги 427-сайлов участкасига оиласи билан бирга ташриф буюриб, овоз беришда қатнашди.
Экологик партия номзоди Абдушукур Хамзаев овоз бериш учун Янгиҳаёт туманидаги 583-сайлов участкасига келди.
ЎзЛиДеПдан номзод, қолаверса, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, ўз оила аъзолари билан сайловда овоз берди. Бу ҳақда президент матбуот хизматида хабар берилди.