3−11 июль кунлари Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган Халқаро биология олимпиадаси (IBO-2023)да Ўзбекистон терма жамоаси 3 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Медаль соҳиблари:

  • Беҳруз Турсунов — Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 274-мактабнинг 11-синф ўқувчиси;
  • Ғолибжон Шарифов — Бухоро вилояти Когон тумани 3-мактабнинг 10-синф ўқувчиси;
  • Муҳаммадиброҳим Эгамбердиев — Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейининг 2-курс ўқувчиси.

Аль-Айн шаҳрида бўлиб ўтган олимпиадада 80 мамлакатдан жами 310 нафар ўқувчи иштирок этди.

Белгиланган тартибга кўра, медаль соҳиби олий таълим муассасасига тест синовларисиз, давлат гранти асосида қабул қилинади. Кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган тақдирда лавозим маошига 150 фоиз ҳар ойлик устама олади.

Уларга олинган 3-ўрин (бронза медаль) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (66 млн сўм), устозига 150 баравар (49,5 млн сўм) пул мукофотлари берилади.

2022 йилда Арманистонда ўтган 33-Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик Азиза Абдувалиева бронза медалини қўлга киритганди.

У «Газета.uz» билан суҳбатда «халқаро олимпиада болага ўзини кўрсатиш учун майдон» эканини айтган. Шунингдек, биологияни ўрганишдаги муаммолар, олимпиададаги иштироки ҳақида сўзлаб берган. Азиза билан суҳбатни ўқишни тавсия қиламиз.