Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль куни бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида (видео) Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини атроф-муҳитга зарар етказмасдан ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Экология ва атроф-муҳитни асраш, сув тақчиллигининг олдини олиш бундан буён ҳам биз учун долзарб вазифа бўлиб қолади, деди у.

«Биз, ҳеч шубҳасиз, экологик мувозанат, мусаффо ҳаво, тоза сув, безавол табиат тарафдоримиз. Бу масала биз учун бошқаларга қараганда ниҳоятда долзарб ва муҳимдир. Нега деганда, биз дунёдаги энг катта экологик офат — Орол фожиасини бевосита ўз бошидан кечираётган халқмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунинг учун ҳозирги вақтда республикада эко-тизимни сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар, жумладан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда, дея қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев келгусида бу ишларни янада жадал давом эттирилишини таъкидлади. Янги қуриладиган саноат корхоналари лойиҳаларида бу масала бўйича қаттиқ назорат ўрнатилади. Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш учун ҳам барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз, деди у.

«Айни пайтда биз фақат деҳқончилик билан кун кўрадиган мамлакат бўлиб қолмаслигимиз керак. Биз атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда, ишлаб чиқариш индустрияси кучли даражада ривожланган давлатга айланишимиз зарур» — деди Президент.

Президент мамлакатда бугун мавжуд бўлган саноат салоҳияти дунёдаги кўпгина давлатларда йўқлигини таъкидлади.

«Биз мана шундай ноёб салоҳиятимизни янада ривожлантириш, юртимизни қудратли индустрия маконига, юқори технологиялар, инновациялар, жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий мамлакатга айлантириш бўйича катта-катта дастурлар қабул қилганмиз ва уларни албатта амалга оширамиз. Биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки юқори малакали IT мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз керак», — деди у.

«Ўзбекистонимизнинг ер ости ва ер усти бойликлари кўп. Лекин бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз — бу ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли халқимиздир», — деди президент.