Ўзбекистон мактаблари учун юқори интернет тезлигига эга тариф режалари жорий этилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, умумтаълим мактаблари учун юқори тезликда ва чекловларсиз кириш имконини берадиган «New Education» тариф режаси ишлаб чиқилади. Тариф бўйича интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан кўп бўлганларда — камида 100 Мбит/с бўлади.

Блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд 25 июль куни бошланади

Жиноят кодексининг фирибгарлик, товламачилик ва бошқа моддалари билан айбланаётган блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд 25 июлда бўлиб ўтади. Ишда 14 нафар жабрланувчи мавжудлиги ва уларга жами 903 млн сўм моддий зарар етказилгани аниқланган.

Педагоглар малакасини ошириш институти мансабдорлари катта миқдорда пул ўзлаштиришда гумонланмоқда

Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтида проректорга алоқадорлиги айтилган фирмага 2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ортиқча тўлаб берилгани аниқланди. Антикоррупция агентлиги манфаатлар тўқнашуви юз бергани ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Бухорода жадидчиликка бағишланган илк музей очилади

Бухоро шаҳридаги «Ҳовли поён» уйида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси иштирокида жадидчилик тарихига бағишланган илк музей ташкил этилмоқда. Бу уй Ўрта Осиё жадидчилиги етакчиларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаевга тегишли бўлган.

Ўзбекистонда профессионал футбол клублари ижтимоий солиқдан бошқа барча солиқларни тўлашдан озод этилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, «Профессионал футбол лигаси» жамоат бирлашмаси, футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари 2026 йилгача ижтимоий солиқдан ташқари барча солиқларни тўлашдан озод этилди. Улар жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчилари ҳам даромад солиғи тўламайди.

Қорақалпоғистонда браконьерлар тузоғига тушган икки буғу ҳалок бўлди

Қорақалпоғистоннинг Беруний давлат ўрмон хўжалиги участкасида 2 та Бухоро буғусининг жасади топилди. Улар браконьерлар тузоғига тушиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳолат бўйича гумонланган 3 киши қўлга олинди.

Ўзбекистон жаҳон паспортлари рейтингида 78-ўринга кўтарилди

Ўзбекистон Henley & Partners консалтинг компаниясининг жаҳон паспортлари рейтингида беш поғонага юқорилаб, 78-ўринни эгаллади. Япония 5 йил ичида биринчи марта рейтингда етакчиликни йўқотди, унинг ўрнини Сингапур эгаллади. Афғонистон паспорти эса энг кучсиз деб топилди.

ДХХ гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланишда гумонланган 8 кишини қўлга олди

ДХХ ҳудудларда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланишда гумонланган 8 кишини қўлга олди. Улардан бири тожикистонлик наркокуръерлар яшириб кетган моддани олиб кетаётганида, яна бири Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган наркотикни сотаётганида ушланди.

Хусусий ОТМларга йилига фақат бир марта қабул талаби қўйилди. Бу қонунга зид

Президентнинг янги фармонига кўра, нафақат давлат, балки хусусий ва хорижий ОТМлар ҳам бакалавриат ва магистратурага йилига фақат бир марта қабул қила олади. «Таълим тўғрисида»ги қонунда қабул тартибини хусусий ОТМларнинг ўзи белгилаши кўрсатилган. Кўп марталик қабул дунё бўйлаб кенг тарқалган.

«Вақф» фонди 6 ойда 16,6 млрд сўмдан ортиқ маблағни хайрия қилди

«Вақф» хайрия жамоат фонди сўнгги 6 ойда 16,6 млрд сўмдан ортиқ маблағни хайрия сифатида сарфлади. Фонд ушбу пуллар қайси йўналишларга йўналтиргани ҳақида маълумот берди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортаж:

Грозний: Чеченистон юрагига саёҳат

Ўзбек меъмори лойиҳалаштирган Европадаги энг катта масжид, осмонўпар бинолар, тарихга бой масканлар, гўзал кўчалар ва кўркам боғлар — «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров Чеченистон пойтахти Грознийга саёҳати давомида кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилади.

Колонка: Бошқаларнинг қарзлари юки

Тошкентдаги корхоналардан бирининг директори Владимир Срапионов нега ҳамкорлари тўламаган ҚҚС учун жавобгар бўлаётганига жавоб изларкан, корхонасининг Контрагентлар реестрини ўрганиб, қизиқ деталларга дуч келмоқда. Нега тадбиркорлар ҳалигача ўз контрагентларининг қарзлари бўйичажавобгар бўлмоқда?