The Washington Post нашрининг хабар беришича, АҚШ Қирғизистон ҳудуди орқали санкция қўлланган маҳсулотлар, хусусан, Хитой дронлари Россияга етказиб берилаётгани сабабли мамлакатга қарши санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда.

Нашрга бу ҳақда АҚШ президенти администрациясидаги манбалари маълумот берган. Унга кўра, Қирғизистонга қарши санкциялар июль ойи охиригача киритилиши мумкин. Айнан қандай чеклов чоралари ҳақида гап кетаётгани ҳозирча номаълум, лекин бундай ҳолларда аввалроқ санкциялар ва баъзи компанияларнинг «қора рўйхат»га киритилиши кузатилган.

Қирғизистоннинг Россияга экспорти умумий ҳажми 2022 йилда урушдан олдингига нисбатан 250 фоизга ошган.

Нашр Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ва ундан кейин қўлланган санкциялар туфайли Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми ғайритабиий даражада ўсганини қайд этган. Америкалик ва европалик дипломатларнинг Қирғизистон пойтахти Бишкекка бир неча ойлик ташрифлари самарасиз кечгани туфайли Байден маъмурияти мамлакатга босим ўтказиш учун янги иқтисодий чораларни тайёрламоқда, дейилади хабарда.

The Washington Post, шунингдек, Қирғизистоннинг АҚШдаги элчихонасидан бу бўйича изоҳ сўраган. Элчихона бунга жавобан мамлакат ноқонуний савдога қарши курашда қатъий позицияда эканини қайд этган. Элчихона расмийлари Россия билан савдо-сотиқнинг ўсишини чегарадан ўтаётган товарларни кузатиш тизими такомиллаштирилгани, шунингдек, Россия мамлакатнинг асосий савдо шерикларидан бири бўлиб, унинг ҳудудида бир миллионга яқин Қирғизистон фуқароси истиқомат қилаётгани билан изоҳлаган.

Аввалроқ АҚШ Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва унга алоқадор компанияларга қарши санкциялар киритганди. Улар орасида «Оҳангаронцемент», Ucell улушига эга бўлган Digital Invest ва Ўзбекистондаги маркалаш тизимининг оператори ва бошқалар бор. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ҳам санкциялар остида қолганди.