26 июль куни Ўзбекистонда бир кунлик электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд ўрнатилди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Кун давомида 250,7 миллион кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинди, бу ўтган йилнинг шу кунидагига нисбатан 5,8 фоизга кўп — 236,9 миллион кВт/соатни ташкил этганди.

Аввалги рекорд 12 июлда ўрнатилган — 247,5 миллион кВт/соат. 26 июль куни соатига истеъмол 12,3 минг МВтга яқин ёки ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1500 МВтга (+14,1 фоиз) кўп бўлди.

2022 йилда максимал электр энергияси истеъмоли 27 июлда қайд этилган бўлиб, у 239 миллион кВт/соатни (кундузи соатига 10,8 минг МВт) ташкил этган.

Ўзбекистон энергетика тизимининг электр станциялари томонидан кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 243,9 миллион кВт/соатни ташкил этди. Бу 2022 йилнинг шу кунидагидан 21,5 миллион кВт/соатга (+9,6 фоиз) кўпдир.

Энергетика вазирлиги юқори ҳаво ҳароратида электр тармоқларининг ўтказувчанлиги 25% гача қисқаришини эслатди, бу тармоқларнинг физик хусусиятлари билан боғлиқ. «Агар бундай ҳолларда мажбурий чекловлар жорий этилмаса, йирик ҳажмдаги авариялар юз бериши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

«Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, анча узоқ вақт тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканини тўғри тушунишларини ва қўллаб-қувватлашларини сўраймиз», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Аҳолидан тежамкорликка риоя қилиш, электр жиҳозларидан асоссиз фойдаланмаслик, шу орқали тармоқ юкланишининг ортиши, авария ва узилишларнинг олдини олишга ҳисса қўшиш сўралган.