Қирғизистон сув тақчиллиги фонида Киров сув омборидан Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига суғорма сувни етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб, 24.kg хабар берди.

Таъкидланишича, июль ойида Қозоғистон мамлакатнинг Жамбил вилоятида сув етишмовчилиги сабабли Киров сув омборидан етказиб беришни секундига 40 дан 45 куб метргача оширишни сўраган.

«Қирғизистон томони Чуй ва Талас вилоятларида суғориш билан боғлиқ шу каби мураккаб вазият мавжудлиги ҳақида маълум қилди… Шунингдек, Қозоғистон томони сониясига 45 кубометр тезликда сув етказиб берилганда, 1 августга келиб Қозоғистоннинг улуши жами 3,54 миллион кубометрни ташкил этиши, бу миқдор 10 кубометр тезликда етказиб берилганда ҳам, 2023 йил 4 августгача тугаши ҳақида огоҳлантирилган. Мавжуд ҳисоб-китоблар ва далилларга қарамай, Қозоғистон томони юқоридаги сўровидан воз кечмади», — дейилади вазирликнинг 24.kg келтирган хабарида.

Оқибатда давлатлар «август ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб Қозоғистон томонига сув берилмаслиги» бўйича протоколни имзолади.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Киров сув омборида сув оқими ортиши муносабати билан ушбу вазият яна «кўриб чиқилиши»ни қўшимча қилди.

«Афсуски, бугунги кунда сув омборида сув оқими секундига атиги 1 кубометрни ташкил этмоқда, сув оқимида ўсиш кузатилмаган, 2022 йилда оқим секундига 13,7 кубометрни ташкил этган», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Қозоғистон Экология ва табиат ресурслари вазирлиги Қирғизистондан «суғорма сув етарли даражада таъминланмагани» туфайли Жамбил вилояти далаларида «ноқулай вазият» юзага келгани ҳақида хабар берганди. Зарар кўрган шахсларга компенсация тўлаш режалаштирилмоқда. Мамлакатда суғориладиган ерларнинг тўлиқ инвентаризацияси ҳам ўтказилади.

Киров сув омбори Қирғизистоннинг Талас вилоятида жойлашган бўлиб, 1970-йилларда қурилган. Икки давлат ҳудудидан оқиб ўтувчи Талас дарёсининг сувидан Талас водийси ва Қозоғистон ерларини суғоришда фойдаланилади.