Veolia Energy Tashkent компанияси 21−26 август кунлари ИМ-2 қозонхонасида таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабабли иссиқ сув ўчирилишини маълум қилди.
Иситиш мавсумига тайёргарлик доирасида зулфинларни алмаштириш, 2-ИМнинг иккиламчи электр таъминоти тизимини текшириш ва созлаш, жиҳозларни демонтаж қилиш ва ўрнатиш, шунингдек, қозонхонага туташ магистраль тармоқлардаги ишларни амалга оширади.
«Кўп ишларни қозонхонани ўчирмасдан туриб амалга ошириш мумкин эмас», — деб таъкидлади компания.
Шу сабабли Мирзо Улуғбек туманининг Қорасув 1, 2, 3, 4, 6, 2-Бўз ва Феруза даҳаларида, Дўрмон йўли, Мингбулоқ, Темур Малик, Сўфизода, Мирзо Улуғбек ва Шўртепа кўчаларида иссиқ сув таъминоти бўлмайди.
Иссиқ сув таъминоти 26 август куни тушгача тикланиши айтилди.
Маълумот учун, 2-иссиқлик маркази июль ва август ойларида иссиқ сувни 5 кунга режали тўхтатиш жадвалидан жой олмаганди.