30 августга ўтар кечаси Россиянинг марказий қисмидаги бешта ҳудуд ва Псков вилоятидаги аэропортга дронлар ҳужуми уюштирилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».

Воқеа оқибатида Псковдаги аэродромда ёнғин содир бўлиб, 4 та Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти зарар кўрди, дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким шикастланмаган. Бошқа ҳудудларда барча дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.

Псков аэропорти 30 август куни ишламаслиги эълон қилинди. Шунингдек, Псков ҳаво ҳудуди самолётлар парвозлари учун чекланди.

«Воқеа бошланганидан бери шу ердаман. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Етказилган зарар кўлами аниқланмоқда», — деб ёзди вилоят губернатори Михаил Ведерников.

Турли манбаларга кўра, аэропортга 10−20 та дрон ҳужум қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча воқеага изоҳ бермади.

Mash Telegram каналининг ёзишича, дронлардан бири аэропорт ҳудудидаги ёнилғи қуйиш мажмуасига келиб урилган, шундан сўнг катта ёнғин бошланган.

Бошқа ҳудудларга ҳужум

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари Брянск вилояти осмонида учта ва Орлов вилоятида битта, Рязань вилоятида иккита, Калуга вилоятида битта учувчисиз аппаратни уриб туширган.

Калуга вилояти губернатори Владислав Шапшанинг сўзларига кўра, яна бир дрон бўш нефть резервуарига бориб урилган. Москва томонга қараб учаётган дрон Москва вилоятининг Рузский тумани ҳудудида уриб туширилган.

Барча ҳолатларда жабрланганлар йўқ экани хабар қилинган. Воқеа оқибатида Москва аэропортлари самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун вақтинча ёпиб қўйилди ва айни вақтда чекловлар олиб ташланган.